ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Наманган вилоятида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ҳамда мактаб бозори фаолияти йўлга қўйилди.
Наманган шаҳрининг Усмон Носир кўчаси ҳамда Давлатобод тумани “Яшил” деҳқон бозорида ана шундай байрам ярмаркалари ташкил этилди. Бу ерда вилоят туманлари ҳамда “Чорсу”, “Сардоба” бозорларидан келтирилган маҳсулотларни харид қилиш мумкин. Байрам савдо ярмаркаси орқали 50 дан ортиқ турдаги кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, полиз экинларини аҳолига мақбул нархларда етказиб бериш мақсад қилинган.
Савдо расталари ҳар куни янги ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари, гўшт, гуруч каби дастурхон учун энг керакли ноз-неъматлар билан тўлдириб борилмоқда.
Ярмарка фаолияти вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимликлари, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва тегишли ташкилотлар томонидан назорат қилиб борилиши таъминланган.
[gallery-24830]
Маълум қилинишича, дастлабки куннинг ўзида 1800 килограмм мол ва қўй ҳамда 500 килограммдан ортиқ товуқ гўшти сотилган бўлса, 5000 тонна картошка, 10 минг тоннага яқин сабзи-пиёз, яна шунча полиз, 6 минг тоннадан зиёд гуруч ҳамда дуккакли маҳсулотлар расталардан жой олди.
Вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов байрам ярмаркаси фаолияти билан танишди. Савдо расталарини ҳар куни янги ва сифатли маҳсулотлар, дастурхони учун керакли ноз-неъматлар билан тўлдириб бориш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Байрам ярмаркалари 5 сентябрга қадар давом этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА