Наманганда "Адлия боғи" барпо этилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар атрофида "Яшил белбоғ" барпо этиш бўйича алоҳида вазифа белгилаб берилган эди.
Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман бўлимлари ходимлари вилоятнинг олис ва тоғли ҳудуди саналган Поп туманида бунёд этилаётган "Адлия боғи"га бориб, дарахт экиш ишларида фаоллик кўрсатди.
Мазкур боғнинг умумий майдони қарийб бир ярим гектарни ташкил этиб, у ерга 7 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатини экиб, парваришлаш кўзда тутилган.


Хайрли иш бошланишидан аввал Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Хайрулло Собиров, бир неча йиллар адлия тизимида фаолият кўрсатиб, ҳозир кексалик гаштини сураётган нуронийлар сўз олиб, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, юртнинг кўкаламзор бўлишига хисса қўшишга бел боғлаган ходимларга миннатдорлик билдирди.



Албатта, “Яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади” деганларидек, бугун яхши ниятлар ила экилган ҳар бир ниҳол эртага ўзининг жамолини кўрсатади.
Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлод ҳам қулай табиий муҳитда яшаши учун бугун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, янги-янги боғлар яратишимиз зарур.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири