Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматлари маркази фаолиятига беш йил тўлиши муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Наманганда ҳам вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан туман, шаҳар давлат хизматлари марказларида аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган тадбирлар ўтказилди.
Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида бўлиб ўтган тадбирда фуқаролар байрам шукуҳидан завқ олди. Совуқ об-ҳавода улашилган илиқликдан сўнг, марказга ўғил-қизлари билан келган кишиларга совғалар тақдим этилди.

Наманган шаҳрида яшовчи Ҳайбулла Расулов 1932 йилда туғилган. Бундан 90 йил аввалги пайтдаги хатолик сабаб кекса нуронийнинг фуқаролик паспортида туғилган ой ва куни нотўғри ёзилган. Отахоннинг қилган мурожаати шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан ижобий ҳал этилиб, фуқароликни расмийлаштирувчи “ID” карта ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспорти берилди. Қолаверса, табаррук бобо бошқарма томонидан хизматдан фойдаланган “Энг кекса мижоз” сифатида эътироф қилиниб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА