Наманганда 80 метрлик улкан лаваш тайёрланди
Наврўз – янги ризқ-рўз, кун ва тун тенглашадиган, шарқона янги йил. Файзли айёмда миллий қадриятларимиз ўзаро меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланади. Она табиат бор гўзаллигини кўз-кўз қилади, янада чирой очади.
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида жойлашган "Афсоналар водийси" тематик паркида бугун эрта тонгдан Наврўз сайллари бошланди. Шарқона янги йил бошланишини ўзида ифода этган, минг йилларга бориб тақаладиган, миллий қадриятларимиз тараннуми бўлган Наврўзи олам сайлларида бир-биридан ажойиб кўнгилочар шоу-дастурлар намойиш этилиб, аҳолига кўтаринки кайфият улашилмоқда. Аҳамиятлиси, вилоятда биринчи маротаба ўзига хос ноанъанавий тадбир, яъни ҳақиқий маънодаги кутилмаган совға — 80 метрли улкан мега лаваш тайёрланиб байрам меҳмонларига тақдим этилди.

100 дан ортиқ моҳир ошпазлар меҳнати эвазига тайёрланган мега лаваш Янги Наманган тумани ҳокимлиги ташаббуси бўлиб, сайлга узоқ яқиндан келган меҳмонлар, юртдошларимиз ҳамда хорижий туристлар учун байрам туҳфаси бўлди.

– Мега лаваш учун 80 килограмм гўштдан фойдаланилади, – дейди Янги Наманган тумани ҳокимининг матбуот котиби Аббосбек Сатторов. – Улкан таомни пиширишда шунингдек, 40 килограмм помидор ва бодринг, 15 килограмм қовурилган картошка (чипслар), 20 литр соус ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлатилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, мамлакатимизда шундай таомга бундан аввал Тошкент шаҳрида киришилиб, 31,5 метрли лаваш тайёрланган эди. Байрам сайллари вилоятнинг барча туманларида кўтаринки руҳда давом этмоқда. Асосий байрам тадбирида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА