Наманган вилояти кун сайин чирой очиб бормоқда десак, муболаға қилмаган бўламиз. Барча шаҳар-туманларда, шу билан бирга энг чекка ва олис қишлоқларда ҳам барпо этилаётган бир-биридан кўркам бинолар, турар-жойлар ҳудудлар қиёфасига ўзгача чирой бахш этмоқда. Бундай бунёдкорлик, албатта, аҳолининг фаровонлиги ва турмуш шароитининг яхшиланишига ҳам хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Наманган вилояти Поп туманининг Миришкор, Чуст туманининг Гулзор даҳалари ва Давлатобод туманининг Янги Наманган шаҳарчасида 971 та хонадонли 27 та кўп қаватли уй ҳамда қатор инфратузилма объектларидан иборат кўркам массивлар барпо этилмоқда.
Мазкур массивларда барпо этилиши белгиланган турар-жой бинолари бош режаси ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари ҳамда “Қишлоққурилишлойиҳа” давлат унитар корхонаси Наманган вилояти филиали мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.
Масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб ҳамда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш ниятида 2023 йил 13 апрелда мамлакатимиз раҳбарининг “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Поп туманида 29 гектарда 320 хонадонли 16 та уй ва Чустда 16 гектарда 280 хонадонли 14 та кўп қаватли уйлар қурилди.
Ушбу массивларда ижтимоий соҳа объектларидан 360 ўринли иккита болалар боғчаси, иккита қишлоқ оилавий шифокорлик пункти барпо этилди. Коммуникация тармоқларини қуриш ишлари – 40,3 километр ичимлик суви тармоғини тортиш ва оқава тозалаш тизими ҳамда иккита иншоот қуриш ишлари 100 фоизга бажарилди. Электр таъминоти тизими бўйича 5,6 километр электр тармоғи ва олти дона трансформатор пункти ўрнатилди. Иситиш тизими бўйича иккита қозонхона қуриш ва 5,4 километр тармоқ тортиш ишлари тўлиқ якунланди.
Қадимий Чустда ҳам маъмурчилик ва бунёдкорлик ишлари самаралари ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Тумандаги Чуст гулзори маҳалласидаги 29 гектарлик ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массиви қад ростламоқда. Жорий йилда мазкур массив учун 220 хонадонли 11 та кўп қаватли уй қурилмоқда.
Ҳозирги кунга келиб, мазкур гўшада 120 хонадонли олтита турар-жой фойдаланишга топширилди. Дастурга кўра, “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида ўтган 2023 йилда 280 хонадонли 14 та уй, 2022 йилда 300 хонадонли 15 та уй калитлари ўз эгаларига туҳфа қилинди.
“Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси ижроси асосида 2026 йилгача мўлжалланган “Янги Ўзбекистон массиви”да кўпқаватли уйлар қурилишида тежамкор қурилиш материалларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, бунёдкорлик жараёнларида илмий ёндашув, замонавийлик, жаҳон тажрибаларини қўллаш бугунги куннинг асосий талабидир.
“Янги Ўзбекистон” массивларида барпо қилинаётган пишиқ, мустаҳкам уй-жойлар биринчи навбатда, хавфсизликни таъминлайди, муҳандислик-транспорт коммуникацияси, ишлаб-чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг комплекс тарзда қурилгани эса фаровон яшаш учун қулай имкониятларни беради.
– Инсон ҳаёти давомида унинг энг катта эҳтиёжларидан бири бу барча шарт-шароитларга эга бўлган уй-жойга эга бўлишдир. Юртимизда инсон қадри улуғланаётгани натижасида “Янги Ўзбекистон” массивида уй-жойга эҳтиёжманд аҳоли учун кўпқаватли уйлар барпо этилмоқда, – дейди Мадина Қорабоева. – Биз ҳам янги маҳалладаги янги уйдан оиламиз билан имтиёзли равишда харид қилиб, чиройли ва кўркам хонадонга кўчиб ўтдик.
Қувонарлиси шундаки, яшаш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Янги уйга кириб келишингиз билан баҳру дилингиз очилади. Газ, сув, электр таъминоти бир маромда етказиб берилган.
Эътиборлиси, ҳар бир хонага кириш-чиқишда электр чироқлари автоматик равишда ўзи ўчиб-ёнади. Бу эса, фойдаланилган қувват учун тўловларни тежаш билан бир қаторда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлақонли амал қилишни таъминлайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.