Наманган вилоятида пахта терими бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пахтадан олинадиган даромад иқтисодиётимизнинг муҳим асосларидан бири. Теримга пухта тайёрлик кўриш, мавсумни масъулият билан ташкил этиш эса унга замин яратади.
Бу йил Наманган вилояти бўйича 1193 нафар фермер хўжалиги томонидан 63 минг 406 гектар майдонда ғўза парваришланаётган бўлиб, гектаридан 37,2 центнердан жами 235 минг 624 тонна пахта хомашёси териб олиш режалаштирилган. Ҳудудда 6 та кластер ҳосил қабул қилишга тайёр.
Тўрақўрғон туманидаги “Аҳмаджонов Абдуллажон” фермер хўжалигида жорий йил ҳосилини тез ва уюшқоқлик билан йиғиштириб олишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, туманлар ҳокимлари ва уларнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар иштирок этди.
[gallery-8659]
Жорий мавсумда туманда 4269 гектар майдонда пахта етиштирилган. Эрта баҳордан қилинган меҳнат маҳсули чаққон қўлларга маҳтал бўлиб турибди. Пахтанинг давлат харид нархи ошгани деҳқонларни ҳам, теримчиларни ҳам руҳлантириб, шижоат билан меҳнат қилишга чорламоқда.
Семинарда улуғ ниятлар билан жонлиқ сўйилиб, эҳсон дастурхони ёзилди. Вилоят ҳокими ва нуронийлар пахтазорда пахта теримини бошлаб берди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА