Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори Умиджон Муҳиддинов ва Наманган вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Низомиддин Отамирзаев бошчилигидаги бир қатор наманганлик шифокорлар икки ҳафталик хизмат сафари билан Туркияда бўлди.
Ташриф давомида бир қатор тиббиёт муассасалари икки давлат тиббиёт мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба алмашинув мулоқотлари олиб борилди. Жумладан, Истанбулдаги “Memorial” клиникаси раҳбарияти билан учрашувда юқори технологик операцияларни ўтказишда ҳамкорлик қилиш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш юзасидан меморандум имзоланди.


***
Наманган давлат педагогика институтида Имом ат-Термизийнинг 1200 йиллигига бағишланган “Имом ат-Термизийнинг ёш авлод маънавий-руҳий оламини бойитишдаги тутган ўрни” мавзусида илмий-маърифий лойиҳа ўтказилди.
Олийгоҳ профессор ўқитувчиларининг маърузаларида Имом ат-Термизий ўз илмий меросида илм-маърифат ва тарбия масалаларига катта аҳамият берган улуғ алломалардан бири эканлиги, Ислом дини илмининг чуқур билимдони сифатида, ўз асарларида ахлоқий қадриятлар, айниқса, тўғри йўлдан юриш ҳақида кўплаб панд-насиҳатлар қолдирганлиги таъкидланди.

Алломанинг асарлари нафақат диний билимлар, балки инсоний фазилатларни ривожлантиришда ҳам катта аҳамиятга эга эканлиги, бутун дунё маданиятида ўчмас из қолдирганлиги, унинг “Саҳиҳ ат-Термизий” асари энг ишончли ҳадислардан бири бўлиб, ҳозиргача кенг ўрганилаётганлиги эътироф этилди.

***
Янгиқўрғон туманида иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш мақсадида сектор раҳбарлари соврини учун билимлар синовига старт берилди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ташкилланган ушбу фан олимпиадасида 365 нафар 9- ва 10-синф ўқувчиси олтита фан бўйича ўзаро беллашмоқда.
Тўрт кун давом этадиган жараёнларнинг шаффоф ва адолатли ўтишини ижтимоий тармоқларда онлайн кузатиб бориш имконияти яратилган. Ғолиблар туман ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

***
Наманган давлат университетининг “Заковат” жамоаси ҳар йилнинг сўнгги ойида кечадиган анъанавий интеллектуал олимпиаданинг ҳудудий саралаш ва якуний республика босқичларида бир неча йилдан буён ғолиблар сафидан ўрин олиб келмоқда.
Анъанага содиқ қолинган университет жамоаси интеллектуал олимпиаданинг “Эрудит-квартет” йўналишидаги ўйинларнинг республика якуний босқичида фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Мазкур натижа талаба-ёшларга 60 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва умумжамоа ҳисобига қимматли балларни тақдим этди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири