Ўзбекистон Республикасининг мустақилликдан буён доимий ва стратегик шерикларидан бири, қардош эл Туркия билан ўзаро иқтисодий ҳамкорлик алоқалари ҳамда дўстлик ришталари мустаҳкамланиб бормоқда.
Бунга Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги вилоят делегациясининг ўтган ҳафта давомида Туркия Жумҳуриятига қилган амалий ташрифи яққол далил бўлади олади.
Наманган делегациясининг Европа ва Осиёни ўзига туташтирган юртга сафари қадимий ва навқирон Истанбул шаҳридан бошланди. Унда Икителли уюшган саноат зонасининг бош офисига бошқарув кенгаши раиси Мустафа Кескин билан учрашув бўлиб ўтди. Дўстона руҳда ва самарали ўтган мулоқотда уюшган саноат зонаси компаниялари раҳбарлари ва маҳаллий тадбиркорлар ҳам иштирок этди.
Бизнес учрашувдан сўнг уюшган саноат зоналари таркибидаги текстиль саноат зонасида тикувчилик, ипакчилик, трикотаж ва кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан танишилди. Шунинг асносида, тадбиркорлар ўртасида “B2B” форматида музокаралар ўтказилди. Мазкур корхоналарда ишлаётган ватандошларимиз билан ҳам учрашиб, шарт-шароитлари ўрганилди.
Делегация аъзолари Гебзе Гузеллер уюшган саноат зонасидаги “Ozel Adem Ceylan Final Teknik Koleji” махсус профессионал таълим масканига борди. Ушбу ўқув муассасаси саноат зонасида фаолият юритаётган компаниялар талабига кўра, ёш кадрларни тайёрлаб, кафолатланган иш жойига эга бўлиш имкониятини беради. Шунингдек, Гебзе Гузеллер уюшган саноат зонаси бошқарув кенгаши раиси Адем Жейлан ҳамроҳлигида ушбу ҳудуддаги саноат корхоналарида бўлиб, йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти ўрганилди. Шу жойнинг ўзида бир қатор саноат компаниялар раҳбарлари билан амалий музокараларга киришилди. Ўз навбатида, туркиялик ҳамкорларга Наманган вилоятидаги 70дан ортиқ кичик саноат зоналари имкониятлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Дунёга машҳур “Koton” текстиль бренди раҳбарияти билан учрашиб, компаниянинг савдо логистика маркази ва марказий омбори фаолияти билан танишилди. Эътиборлиси, ушбу компания раҳбарияти Наманган вилоятидаги йирик текстиль корхоналари билан кооперация лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда шартномалар имзолаш истагини билдирди.
Гебзе Гузеллер уюшган саноат зонасида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ турк ширкатлари ва Наманган вилояти расмий делегацияси аъзолари иштирокида бўлиб ўтган бизнес форумда делегация аъзолари ва саноат зонасидаги компаниялар раҳбарлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Бизнес форумдан сўнг Наманган вилояти расмий ва ишбилармон доираси вакиллари ҳамда турк компаниялари ўртасида ўтказилган “B2B” ва “B2G” музокараларида текстиль, темирчилик, гулчилик, корпоратив бошқарув, косметология, туризм ва саноатнинг бошқа йўналишларидаги турк компаниялари вилоятимиз вакиллари билан конструктив мулоқот ўрнатди. Шунингдек, бир қатор лойиҳалар юзасидан ўтказилган музокаралар натижасида келишувлар имзоланди.
Истанбул шаҳридаги "Nazmi Arikan" фанларга ихтисослашган таълим даргоҳида 5 ёшдан 17 ёшгача болаларнинг ихтисослашган фанларга ўқитиш бўйича йўлга қўйилган тажриба ва яратилган шароитлар билан танишув асносида келгусида мазкур билимгоҳ билан ҳамкорлик юзасидан маслаҳатлашиб олинди.
Қурилиш, логистика, оммавий ахборот воситалари ҳамда энергетика каби турли бизнес соҳаларида фаолият юритувчи “Albayrak Holding” компанияси раҳбарияти билан учрашув ҳам самарали бўлди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда “Albayrak” компанияси томонидан Наманган вилоятида бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Учрашувда ушбу лойиҳаларнинг жорий ҳолати, қурилиш, туризм, меҳмонхона бизнеси йўналишларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди.
Наманган вилояти ҳокими ва “MÜSİAD” уюшмаси раҳбарияти ва мазкур ширкатнинг халқаро алоқалар комиссияси раиси Фаҳреттин Ойлум ўртасидаги учрашув икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Туркиядаги мустақил ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорларни бирлаштирадиган уюшма ҳисобланган “MÜSİAD” саноатни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳамда масалаларни муҳокама қилишда фаол иштирок этади. Ассоциация, шунингдек, инвестициялар ва “стартап” лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Учрашувда дастлаб Наманган вилоятининг имкониятлари, инвестицион ва туризм салоҳияти тўғрисида таништирилиб, амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар билан ўртоқлашилди. Учрашувдан сўнг шу куннинг ўзида бизнес форум ҳам бўлиб ўтди.
Наманган делегацияси аъзолари ташриф чоғида, Денизли вилоятида бўлиб, ушбу ҳудуд ҳокими Ўмер Фаруқ Чошқун, сўнгра Денизли шаҳар ҳокими Бюлент Нури Чавушоглу билан учрашди. Ўзаро мулоқотларда икки вилоят ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш, туризм, текстиль саноати йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди.
Туркиянинг Денизли Савдо-саноат палатасида палата бошқарув кенгаши раиси Уйғур Эрдоған иштирокида бўлиб ўтган “Наманган-Денизли” бизнес форумда ушбу вилоятда текстиль, фармацевтика, энергетика, чарм, қурилиш материаллари, электротехника, ипакчилик каби саноат йўналишларда фаолият кўрсатаётган 50 дан ортиқ турк компаниялари ҳамда Наманган вилояти расмий делегацияси қатнашди.
Делегациянинг Афёнкараҳисар вилояти ҳокими Кюбра Гюран Йигитбаши, сўнгра Афюнкараҳисар шаҳри ҳокими Буржу Кўксал хонимлар билан учрашув ўтказди. Мулоқотларда туризм, айниқса, Наманган вилоятининг Чортоқ туманини йирик термал туризм марказига айлантириш, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари, айниқса сиҳатгоҳларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда тажриба алмашиш тизимини жорий қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлган чиқиндини йиғиб олиш ва қайта ишлаш бўйича Истанбул тажрибаси ҳам ўрганилди. Миллионлар шаҳри саналган мазкур қадимий ва навқирон ўлканинг чиқиндилар ва атроф-муҳитни бошқариш ҳамда бу орқали электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида фаолият олиб бораётган “İстаç” ширкати фаолияти билан яқиндан танишилди.
Хусусан, Наманган шаҳри ҳокими Анваржон Отахўжаев корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, ташкилотчилар билан қилган мулоқотида Наманган шаҳрида аҳоли чиқиндиларни бошқариш, чиқиндини қайта ишлаш, полигон газидан энергияси ва турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича “İстаç” корхонасининг вакиллари билан ҳамкорлик меморандуми имзолади.
Афёнкараҳисар Савдо-саноат палатаси раиси Хюсну Сертешер билан учрашувда термал сувларни назорат қилиш дирекцияси, ҳокимлик вакиллари иштирок этиб, Афёнкараҳисарда термал курортларни ташкил этиш, термал сув ва булоқларни бошқариш лойиҳалари ҳақида маълумот берди.
Афёнкараҳисар тажрибаси асосида Чортоқ туманида термал булоқлар бўйича иш ташкил этишга келишиб олинди. Палата раиси қисқа муддатда мазкур масала юзасидан Ишчи гуруҳни Наманганга юборишини таъкидлади.
Афёнкараҳисар вилоятида фаолият юритаётган 70дан ортиқ термал курорт зоналари, термал санаторий ва меҳмонхоналар, дунёнинг бренд меҳмонхоналари раҳбарлари ҳамда Наманган вилояти расмий делегацияси иштирокида "Рекрацион туризм, меҳмонхона бизнеси, термал санаторий ва шифохоналар" йўналишида бизнес-форум ҳам манфаатли ўтди. Унинг якунида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва турк тадбиркорлари ўртасида савол-жавоблар тарзида “B2G” музокаралари бўлди. Термал сувларни бошқариш дирекцияси Чортоқ туманида туризмни ривожлантириш бўйича Афёнкараҳисар тажрибаси асосида мастер-режа ишлаб чиқишда иштирок этишини, Афён шаҳри билан ҳамкорлик ўрнатилишини билдирди.
Шундан сўнг, наманганликлар Афёнкараҳисар физик терапия ва реабилитация марказига боришди. Мазкур марказ ихтисослашган тиббиёт муассасаси бўлиб, у ҳудуднинг бой термал сувларидан фойдаланган ҳолда комплекс реабилитация хизматларини тақдим этади. Делегация раҳбари ушбу тиббиёт муассасаси тажрибасини кенг қамровда Наманган вилояти тиббиёт йўналишларида жорий этиш, шифохоналар ўртасида видеоконференц алоқа орқали тиббий кўрикларни ўтказиш таклифларини билдирди. Ушбу масалада бир қатор келишувларга эришилди.
Туркиянинг Афён шаҳрида йирик беш юлдузли “Wyndham Afyonkarahisar” меҳмонхонаси бошқарув раиси Фатих Каан Байхан ҳамда меҳмонхоналар қуриш бўйича таниқли архитектор Мустафа Мермер билан учрашувда Наманганда беш юлдузли меҳмонхоналар қуриш имкониятлари, берилаётган имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди, шунингдек, меҳмонхонанинг имкониятлари ва шароитлари билан танишилди. Турк меҳмонхонаси бошқаруви раиси Фатих Каан Байхан Наманган вилоятида иккита ана шундай меҳмонхона қуриш имконияти мавжудлиги, тез кунларда ўз Ишчи гуруҳини юбориб, меҳмонхона учун жойлар ва имкониятларни ўрганишини маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, Туркияга ташриф давомида бўлиб ўтган бизнес форумларда Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, бугунги кундаги инвестицион муҳит, махсус саноат зоналари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Қолаверса, вилоятнинг “ташриф қоғози”га айланган, шу йилнинг май-июнь ойларида ўтказилган 63-Халқаро Гуллар фестивали тўғрисидаги видеороликлар намойиш қилиниб, қардош ҳамкорлар келаси йилда бўлажак нафосат байрамига таклиф этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА