Ташрифдан ташрифгача
“Мани борар жойим ўшал Намангон”. Атоқли ҳофиз Камолиддин Раҳимов хониш айлаган дилбар таронада тавсифланган Наманганнинг жамоли ҳозир тамомила ўзгача. Келган кишининг ҳайрати-ю ҳавасини орттиради.
Олисга эмас, яқин тарихга назар ташлаймиз: бундан етти йил олдин дотацияда ўтирган Наманган вилоятида бугунги кунда мустаҳкам даромадга эга бўлган, замонавий саноат ва кучли ишбилармонлик муҳити шаклланди. Чин маънода Янги Ўзбекистоннинг тадбиркорлар юрти, кичик ва ўрта бизнес марказига айланди.
Президентимизнинг ҳудудларга ташрифи, энг аввало, халқимиз фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтириш, шаҳар ва туманларнинг мавжуд ресурс ва имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали иқтисодиёт ҳамда инфратузилмани ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, инсон қадрини улуғлашда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2023 йил 3 февраль ҳамда 16 июнь кунлари Наманганга ташрифлари чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларини жадал ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур топшириқлар асосида ишлаб чиқилган дастур ва режалар ижроси доирасида олиб борилган амалий саъй-ҳаракатлар самарасида Наманган кўплаб жабҳаларда ўз ўрнини топди.
Эътироф этиш даркор, Наманган вилоятида ўтган 2023 йил якунлари билан ялпи ҳудудий маҳсулот 47,1 триллион сўмни ташкил этиб, 105,4 фоизга ўсиши таъминланди. Ялпи ички маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 72,8 фоизга етди. Жумладан, 20,8 триллион сўм саноат ва 32,8 триллион сўм қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 17,8 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилган. Қурилиш-пудрат ишлари 7,5 триллион сўмни ташкил этди.
Бугунги кунда Наманган вилоятида 4909 та саноат корхонаси фаолият кўрсатиб, уларнинг 49 таси йирик, 274 таси ўрта ва 4584 таси кичик субъект ҳисобланади. 2023 йилнинг ўзида 852 та янги саноат корхонаси ташкил этилди. Саноат корхоналари томонидан жами 20,8 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш 107,2 фоизга таъминланди. Шундан, аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 миллион сўмни ташкил қилиб, 2022 йилга нисбатан 700 минг сўмга ошган.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоқлар бўйича таҳлил қилинганида, тўқимачилик 102,8 фоиз (5 360 миллиард сўм), озиқ-овқат 101,7 фоиз (2 968 миллиард сўм), тайёр кийим 116,4 фоиз (2 419 миллиард сўм), кимё саноати маҳсулоти 102,8 фоиз (652 миллиард сўм), машина ва ускуналар 114,3 фоиз (880 миллиард сўм), фармацевтика 136 фоиз (238 милиард сўм) ўсиши кузатилди.
Масалан, фармацевтика соҳасида Янги Наманган туманида жойлашган, “Шуҳрат” медали соҳиби Насимжон Азизов бошчилигидаги “Merrymed farm” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтган 2023 йил якунлари билан 219,3 миллиард сўмлик 220 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 2022 йилга нисбатан 1,8 баробарга ўсган. Шунингдек, ушбу даврда 1,7 миллион доларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
[gallery-16584]
Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш борасида асосий захира имконият саноат зоналарида корхоналарни ишга тушириш ҳисобланади. Айни шу муҳим омилдан келиб чиққан ҳолда вилоятда “Наманган тажрибаси” сифатида кичик саноат зоналари драйвер соҳа сифатида ривожлантирилмоқда. Ушбу саноат ҳудудларига умумий қиймати 10,1 триллион сўмлик 1245 лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ишга тушиши ҳисобига 66 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши ҳамда 12,1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шундан 171 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.
Айни вақтга келиб умумий қиймати 6 триллион сўмлик 925 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 50 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Ушбу корхоналар томонидан ўтган 2023 йили 4,9 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 50,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспортга йўналтирилди. Бу вилоят саноат экспорти ҳажмининг 14,4 фоизига тўғри келади. Эътиборлиси шундаки, амалга оширилган лойиҳалар натижасида 2023 йилнинг ўзида давлат бюджетига 350 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тушумлари туширилишига эришилган.
Бугунги кунда кичик саноат зоналари ҳудудларнинг мавжуд имконияти ва салоҳиятидан фойдаланиб, алоҳида ихтисослашув асосида темирчилик, мева-сабзавотчиликни қайта ишлаш, мебелчилик, асаларичилик йўналишларида ташкил этилмоқда.
Масалан, Уйчи туманидаги Қумтепа маҳалласи ҳудудидаги 3,1 гектар ер майдонида темирчилик (дарвоза) кичик саноат зонаси ташкил этилиб, қиймати 27 миллиард сўмлик 52 та лойиҳани жойлаштириш ҳамда 1 минг 550 та янги иш ўрни яратиш белгиланган.
Янгиқўрғон туманидаги Исковот маҳалласи ҳудудидаги 10 гектар бўш ерда мева-сабзавотчиликни қайта ишлаш (олхўри қуритиш) йўналишида кичик саноат зонаси ташкил этилиб, қиймати 51 миллиард сўмлик 24 та лойиҳа жойлаштириб, 400 та янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган.
Шунингдек, Мингбулоқ туманидаги “Тегирмонбоши” МФЙ ҳудуддаги 10 гектар ерда, Янги Наманган туманидаги Соҳил маҳалласида 10 гектар ерда 203 миллиард сўмлик лойиҳалардан иборат мебелчилик кичик саноат зоналари ҳамда Давлатобод туманидаги “Гулобод” МФЙ ҳудудидаги 1,0 гектар ерда 3,5 миллиард сўмлик лойиҳалардан шаклланган асаларичилик маркази ташкил этилди. Жорий йил охирида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йилга нисбатан 110 фоизга ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда.
Эътироф этиш жоизки, мамлакатимиз раҳбари ўтган йили ташриф буюрган манзил - Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” ёшлар саноат тадбиркорлик зонаси 10 гектар ер майдонида ташкил этилиб, бугунги кунда қиймати 250 миллиард сўмлик 46 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда. Бу ерда Шу атрофдаги Баркамол авлод, Яккатут, Янгиҳаёт, Обжувоз, Лола ва Чаман маҳаллаларида яшовчи 4 минг 500дан зиёд аҳоли иш билан таъминланган.
--Бугун ўзини тадбиркорман, шу юртга фойда келтираман, деган ишбилармоннинг замони. Юртбошимиз биз тадбиркорлар учун барча имконият ва шароитлар, керак бўлса, имтиёзларгача яратиб бермоқда, --- дейди кичик саноат зонасидаги ”Balanse teks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Авазбек Нишонов. – Яхши ниятлар билан бошлаган қиймати 40 миллиард сўмлик тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳамизни 45 сотих ерда икки босқичда ишга туширдик. Аввалига 150 та янги иш ўрни ташкил этган бўлсак, навбатдаги босқичимизда иш ўринларимиз яна 100 тага кўпайди. Ўтган йили 10 миллиард сўмлик 28 минг дона куртка маҳсулотларини ишлаб чиқариб, ички ва ташқи бозорларга етказиб бердик.
Умуман, 2024 йил якунига қадар Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналарида умумий қиймати 800 милилард сўмлик 143 та янги лойиҳа ишга туширилади ва бунинг ҳисобидан 5 минг 460 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Пировард натижада, қўшимча йилига 90 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ҳамда 8 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган. Бундай улкан марралар азми қатъий, танти, мард наманганликлар томонидан ёруғ юз билан адо этилиши шубҳасиз, албатта.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари