Наманган – гуллар шаҳри. Бу диёрда гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйилган. Баҳор фасли кириб келиши билан орасталик ва файзу баракотнинг муҳим омили сифатида ҳар бир кўча, хиёбон, хонадонлар гулларга бурканади.
Ҳар йили ўтказиб келинаётган ва анъана тусини олган, олтмиш йилдан зиёд тарихга эга бўлган гуллар фестивалининг нуфузи Президентимизнинг ташаббуси билан янада ортди. 2018 йилдан буён ушбу гўзаллик байрами халқаро фестиваль мақомида нафақат юртдошларимиз, балки минглаб хорижликларни ҳам бирдек ўзига ром этиб келмоқда.
Олтмиш учинчи бор ўтказиладиган бу галги фестиваль олдингиларидан ҳар томонлама фарқланади. Одатда гуллар байрамининг асосий тантаналари Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Маданият ва истироҳат боғида ўтказилган бўлса, эндиликда бу манзил қамрови кенгайиб, Давлатобод туманида янги барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон боғи”да нишонланади.
Қирқ кун давом этадиган навбатдаги фестиваль давомида ҳамюртларимиз ва хорижий меҳмонлар бетакрор дизайнлар асосидаги мафтункор гул кўргазмаларидан завқланиб, турли шаклдаги адабий, маънавий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлардан завққа тўлишади.
– Эътироф этиш жоиз, гуллар байрамининг ўзига хос ёрқин тарихи бор, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. – XIX асрда Бобур боғи ўрнида “Гулзор” деб аталувчи маҳалла бўлган. Бу ерлик аҳоли гул етиштириш, гулли ичимликлар, нектарлар, гуллардан турли хил ширинликлар ва зираворлар ҳамда гул асали ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Баъзи гул турларининг барглари ва илдизларидан шифобахш дамламалар тайёрлашган. Гул ишлаб чиқарувчилар маҳалласининг шуҳрати Қўқон хони Худоёрхонни бефарқ қолдирмаган. У бу ерда мадраса қуришга фармон берган. Аҳоли шаҳарнинг бошқа жойларига кўчирилиб, Гулзор маҳалласида янги бинолар қурилиши бошланган. Бироқ 1875 йилнинг октябрь ойида Наманган шаҳрига келган рус қўшинлари мадрасани ўзларига қалъа сифатида танлаган.
2019 йилда Наманган шаҳрида гулчилар ассоциацияси ташкил этилиб, унинг негизида илмий-амалий марказнинг ишга туширилиши, ушбу йўналишдаги моҳир ҳунармандларни бирлаштириш ва тажрибасини оммалаштиришда ўзига хос мактаб вазифасини ўтай бошлади. Давлатобод туманида ажратилган 16 гектарлик плантацияда 25 сотихдан ўз майдонига эга бўлган 52 нафар уста гулчи томонидан ноёб навларни маҳаллий иқлимга мослаштириш орқали кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда. Яқин вақтга қадар вилоятга гул уруғлари асосан Голландия, Германия ва бошқа давлатлардан келтирилиб, кўпайтирилган бўлса, изланиш ва тадқиқотлар натижасида бугунга келиб 40 фоиздан кўпроғини марказ плантацияларида етиштириш йўлга қўйилди. Бу ўз навбатида соҳада экспорт амалиётлари имкониятини ҳам юзага келтирди. Чунончи, ҳар йили сотувга чиқарилаётган 360 миллиард сўмликдан зиёд кўчат ва гулдасталарнинг 30 фоизга яқини қўшни республикалар ва Россия давлатига етказиб берилмоқда.
Наманган халқаро гуллар фестивали натижасида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарлари каби Ўзбекистоннинг туристик ташриф қоғозига айланди. Байрам мана олти йилдирки, халқаро миқёсда аҳамиятга эга бўлаётгани учун унда нафақат юртимиз, балки қўшни мамлакатларнинг гул етиштирувчилари ҳам иштирок эта бошлади. Қолаверса, халқаро нафосат айёми чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда хорижлик сайёҳлар ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Биргина ўтган 2023 йилнинг ўзида Наманган шаҳрига дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатидан сайёҳлар ва журналистлар ташриф буюрди. Жорий йилда эса 7 миллионга яқин маҳаллий ва хорижий туристларнинг келиши кутилмоқда. Вилоят ҳокимлиги томонидан юртимизда рўйхатдан ўтган элликдан ортиқ давлатларнинг дипломатик корпуси ҳамда халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарига махсус таклифномалар жўнатилди. Халқаро фестивалда нафақат меҳмон, балки профессионал гулчи сифатида Қирғиз Республикаси, Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Хитой Халқ Республикаси, Озарбайжон мамлакатларидан ҳам вакиллар қатнашиш истагини билдирган.
Фестивалга вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан қизғин таёргарлик ишлари бажарилди. Асосий сайиллар кечадиган Бобур боғи ва “Афсоналар водийси” тематик паркида 30 миллиондан ортиқ гуллар экилди. Наманган шаҳри бўйлаб экилган 65 турдаги гуллар 45 миллиондан ошди. Дарахтларни суғориш, ерларга ишлов бериш, янги кўчатлар ўтқазиш ва гулларни парваришлаш ҳамда суғориш тизимлари сув тежовчи технологиялардан фойдаланган ҳолда янгича усулда ташкил этилди.
Халқаро гуллар фестивали одатдагидек Наманган халқаро аэропортидан “Гуллар автопаради” билан старт олади. Бу галги автопарадда ҳам намуна эскизлари асосида ясатилган 200 та автомобиль, 200 та велосипед ва ўнлаб электромобиллар қатнашади. Гулларга бурканган автопарад Наманган шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб ҳаракатланади. Автопарад вилоят марказида жойлашган “LED” экранларда тўғридан-тўғри трансляция қилинади.
Албатта, фестиваль иштирокчилари -- автопарад жараёнида миллий ва хорижий либослардаги 200 нафар ёшнинг фестивалга оид кўргазмали чиқишлари, 15 та махсус автотранспорт воситасида хонанда-ю созандаларнинг карнай-сурнай садолари ва жонли қўшиқлари билан қатнашиши, буюк сиймоларимиз акс этган образли ҳамда 20 нафар мультиқаҳрамоннинг жозибали иштироки барчага завқли онларни тақдим этиши тайин.
Вилоят маданият, туризм бошқармалари томонидан меҳмонларнинг фестиваль давомида сайёҳлик жойларига ташриф буюриш истагидан келиб чиқиб, бир нечта туристик маршрутлар ишлаб чиқилган. Туристик пакетлар тайёрланган. Барча меҳмонхоналар, ресторанлар, кафелар, истироҳат боғлари ташриф буюрадиган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишга шай.
Бобур боғи, “Афсоналар водийси” хиёбонида олти ҳафтадан кўпроқ давом этадиган турфа хил кўргазмалар, маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар, илмий анжуманлар – “Буюк ипак йўлида туризм истиқболлари”, “Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда инновацион технологияларнинг аҳамияти”, “Жадидлар дунёқараши ва етакчи ғоялари”, “Фан тараққиёт – 2024: муаммолар ва ривожланиш тенденциялари”, “Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича глобал муаммоларнинг инновацион ечимлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциялар ҳамда “Халқаро инвестиция ва саноат ярмаркаси”, Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг концерти, республикамиз ва хорижий мамлакатлар иллюзионистлари томонидан шоулар намойиши меҳмонларга олам-олам таассуротлар улашиши, шубҳасиз.
Фестивалда тажрибали гулчилар ҳамда ҳаваскор гул етиштирувчилар ҳам иштирок этади. Ландшафт дизайни мутахассислари ҳам ўз санъат намуналарини намойиш этади. Иштирок этиш истагини билдирган корхона ва ташкилотлар дизайннинг ўзига хослиги ва гулларни безаш маҳорати бўйича беллашади. Танлов ғолиблари фестиваль якунида автомобиль ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Хуллас, гуллар байрами миллатлар ва халқларни бир-бирига яқинлаштириб, дўст сифатида бирлаштиради. Қолаверса, халқаро фестиваль юртимиздаги гулчилик анъаналарини, қолаверса, Наманган вилояти шаҳар туманларининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш ҳамда ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Наманган гуллари жаҳон бўйлаб илдиз отаётганидек, дунё гуллари ҳам Наманган гулчилари меҳридан парвариш топмоқда. Бинобарин, тинч ва обод, фаровонлик қарор топган жойлардагина гул ва гулзорларга эътибор бўлади. Демак, гул тинчлик ва бунёдкорликка интилиш рамзидир.
63- бор ўтказиладиган анъанавий халқаро гуллар фестивали шу кунларда Наманган заминини турфа анвойи гулларга буркаб, гўзаллик ифорини таратмоқда. Жорий йилнинг 19 майидан бошланадиган тантаналар 23 июнга қадар давом этади.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири