Кўпчилик юртдошларимиз интиқлик билан кутган завқли онлар етиб келди. Наманганда нафосат ва гўзаллик байрами 62-Халқаро гуллар фестивали тантаналари бошланди.
Гуллар шаҳрида гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйилган. Баҳор фасли кириб келиши билан гулчилар ушбу байрамга тайёргарликни бошлашади. Кўтаринки кайфият, шоду-хуррамлик, орасталик ва файзу баракотнинг муҳим омили сифатида ҳар бир кўча, хиёбон, хонадонларгача чаманзорга бурканади. Ҳар бир ҳовли гуллар билан безатилади, махсус туваклар ва гулзорларда турфа хилдаги гул навлари етиштирилади.
Халқаро гуллар фестивали тантаналари водийнинг ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан Гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган енгил автомобиллар, юк машиналари, комбайн, трактор, ҳатто автокрангача анвойи гулларга бурканган 200 дан зиёд транспорт воситаларидан иборат машиналар карвони Ислом Каримов шоҳ кўчасидан Темирйўл вокзали айланма йўли – Амир Темур – Нодим Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланди.
Фестиваль тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бундан ярим аср олдин гуллар байрамида, яъни 1967 йили ҳозирги Давлатобод туманида янги очилган "Дўстлик", ҳозирги Ислом Каримов шоҳкўчасида Аврли шойи газламалар комбинатидан то шаҳар марказидаги Бобур боғигача 70 дона "ГАЗ-21" автоуловида гуллар паради ўтказилади. Бу кўпчиликка маъқул келиб, узоқ йиллар бир маромда кечди. Сўнгги йилларда бу парад қайта тикланиб, у янада сайқал топиб борди. Бу галги автопараддан ўрин олган турли транспорт техникаларидаги бир-биридан кўркам композициялар Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Хитой, Япония, Корея, Туркия, Россия, Эрон, Ҳиндистон каби ўнлаб хорижий мамлакатлардан келган туристлар, шу жумладан чет эллик оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳайрату олқишларига сазовор бўлмоқда.
Эътироф этиш лозимки, жаҳоннинг манаман деган мамлакатлари турли парадлар орқали ўз ҳарбий салоҳиятини кўз-кўз қилаётган бир даврда бизнинг тинчликсевар Янги Ўзбекистонимизда гуллар автопаради орқали гўзаллик бутун дунёга тараннум қилинмоқда. Гуллар фестивалига ташриф буюрувчилар қамрови йилдан-йилга ортмоқда.
Ўтган йилги сайилга 2 миллион 300 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг 21 июнь кунига қадар давом этадиган байрамга қарийб 4,5 миллион гул ишқибози келиши кутилмоқда. Гуллар байрамининг асосий тантаналари бўлиб ўтадиган Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Давлатобод туманидаги "Афсоналар водийси" тематик паркида байрамни юқори савияда ташкиллаштиришга пухта ҳозирлик кўрилди.
Бу муаззам масканлар, қолаверса, кўча ва хиёбонлар ёшу кексани бирдек ўзига оҳанграбодек жалб этадиган 30 миллион тупдан кўпроқ 53 турдаги гул кўчатлари, манзарали буталар ўтқазилди. Жойларга 40 дан ортиқ турдаги 500 минг тупга яқин атиргуллар экилиб, шаҳарда хушбўй ифор таратувчи гулзорлар ястанди. Юртимиздаги гулчилик анъаналарини, қолаверса, Наманган вилояти шаҳар-туманларининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш ҳамда ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этадиган 62-анъанавий Халқаро гуллар фестивали тадбирлари бир ой давом этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА