Наманган: бунёдкорлик ва тараққиётнинг иккинчи уйғониш даври
Президентимизнинг шу йил 23 июнда Наманганга ташрифи чоғида мутасаддилар билан ўтказган йиғилишида вилоят ҳудудлари инфратузилмасини ривожлантириш, инвестиция жозибадорлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор топшириқлар берилганди.
Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов Чортоқ, Тўрақўрғон ва Чуст туманларида амалга оширилиши мақсад қилинган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишув чоғида давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган мазкур долзарб вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратди.

Чортоқ туманининг Дўстлик маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган 60 гектарлик майдонда 4 минг 338 хонадондан иборат 55 та кўп қаватли уй-жойлар, 8 та ижтимоий соҳа объекти, 10 та савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси, туман ҳокимлиги ва аҳолига хизмат кўрсатувчи барча давлат ташкилотларини ўзида жамланган ягона “Маъмурий марказ” ўрин олади.

Чортоқ сойи қирғоғидаги сўлим ҳудудда меҳмонхона, санатория, осма дор йўли, ресторан ва кафелардан иборат гастрономик ва санатория типидаги туризм маркази, спорт инфратузилмаси объектлари, ўқув марказлари, ёшлар мажмуаси, “IT” – ахборот коммуникация технологиялари марказларига эга таълимга ихтисослашган махсус ҳудуд ва бошқа шароитлар яратилади.
Тўрақўрғон туманида жойлашган, ўзининг уч минг йиллик тарихига эга бўлган Ахсикент археологик парки ёдгорлигидаги “Ахсикент” туристик мажмуаси бош режаси ҳам тақдим қилинди. Ушбу лойиҳа қадимий Ахсикентнинг бой маданий ва археологик меросини замонавий Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳамоҳанг уйғунлаштирувчи инновацион туристик макон сифатида ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг асосий ғояси “Тарихдан Янги Ўзбекистон сари” концепциясига асосланади.

Тақдимот давомида Чуст туманида барпо этилаётган “Ҳунармандлар шаҳарчаси” лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Мазкур мастер режада нафақат янги бинолар қуриш, балки кўҳна ва навқирон Чустнинг тарихий қиёфаси ҳамда миллий руҳини сақлаган ҳолда замонавий туристик ва ҳунармандчилик мажмуаси яратиш назарда тутилган.
Ҳар бир лойиҳа билан яқиндан танишган вилоят раҳбари уларни янада такомиллаштириш юзасидан тавсиялар, жараённи тезлатиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.