Наманган автотюнинг ихлосмандларини чорлайди
Жорий йилнинг 13-14 февраль кунлари Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида иккинчи Халқаро “Наманган авто фестивали” бўлиб ўтади.
Анъанага айланган мазкур туризм анжумани доирасида ёш автоусталар ўртасида мусобақалар, ретро ва ноёб автомобиллар иштирокидаги автопарад, замонавий ва классик автомобиллар кўргазмаси, автоспорт шоу-дастурлари ҳамда томошабинлар учун қизиқарли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади.
Мазкур фестиваль нафақат вилоят ва водий аҳли, балки мамлакатимиз ҳудудлари ҳамда қўшни Марказий Осиё Республикаларидаги авто ҳаваскорларни ҳам ўзига ром этиши табиий. Бу ўз навбатида ушбу йирик халқаро тадбирга муносиб ҳозирлик кўришни тақозо қилади.
[gallery-27496]
Анжуман олдидан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигида II-халқаро “Наманган авто фестивали”ни юқори савияда ташкил этишга бағишлаб ўтказилган йиғилишда тегишли бошқарма ва ташкилотлар масъуллари, вилоятда фаолият олиб бораётган автосалонлар раҳбарлари, маҳоратли авто-тюнинг усталари, автомобиль йўналишидаги блогер, автомобилсозлик соҳасида иш олиб бораётган йирик тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирок этди.
Ўтган йили илк бор ташкил этилган халқаро фестивалга юртимиз вилоятлари ва қардош давлатлардан ҳам автомото ишқибозлари ташриф буюрган эди. Бу йил унинг қамрови янада кенгайиши кутилмоқда. Йиғилиш давомида фестивални халқаро талаблар асосида, юқори савияда ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, қатнашиш истагида бўлган талабгорлар сони ортаётгани, сабаб, авто-шоулар ва кўргазмалар ташкил этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят раҳбари фестиваль Наманганнинг туристик салоҳиятини ошириш ва ҳудуд имижини халқаро миқёсда мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Йиғилиш якунида масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, фестивалга пухта тараддуд кўриш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.