Нафсингизни жиловланг, жаноб “ишбилармон”
Сайёрамизга чанг солган коронавирус инфекцияси дунё аҳлини жиддий синовдан ўтказмоқда.
Сайёрамизга чанг солган коронавирус инфекцияси дунё аҳлини жиддий синовдан ўтказмоқда. Одамларнинг аҳил ва иноқлигини, сабр-қаноат ва нафсини имтиҳон қилмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳам ҳозирги ташвишли кунларда кўплаб саховатли инсонлар, тадбиркорлар эҳтиёжманд юртдошларимизга беминнат моддий кўмак бераётган бўлса, айрим “учқур” “ишбилармонлар” бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини асоссиз ошириб сотишга уринаётганида юзи шувут бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида нафси ҳакалак отган бундай сохта тадбиркорлар фаолиятидан норози бўлиб, вилоят давлат солиқ бошқармаси “Ишонч телефони”га 70 та мурожаат келиб тушди.
Фуқароларнинг мурожаатлари тезкорлик билан уларнинг аксариятида харидорлар ҳақлиги маълум бўлди. Жумладан, Шўрчи туманида истиқомат қилувчи Д.М ҳеч қандай ҳужжатсиз картошка ва пиёз маҳсулотларини қиммат нархда пуллаётганида қўлга тушиб қолди. Шеробод тумани деҳқон бозорида Я.Т. ҳеч қандай ҳужжатларсиз картошка маҳсулотининг бир килограммини беш минг сўмдан сотаётгани аниқланди. Денов туманида қўлга тушган сохта тадбиркор А.К. 500 килограмм картошкани оширилган нархда пуллаётганида сири фош этилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбасидан маълум қилишларича, воҳада 61 та ҳолатда 1 минг 784 килограмм ҳажмдаги умумий қиймати 42 миллион сўмлик картошка ва пиёз маҳсулотлари нархларини асоссиз ошириб сотиш ҳолати аниқланди.
Мамлакатимизга пандемия кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича изчил чоралар кўрилаётган шу кунларда вазиятдан “унумли” фойдаланишга уринаётган бундай сохта тадбиркорларга тегишли жазо қўллаш учун ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органларига топширилмоқда. Ноқонуний савдога қўйилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари масала қонуний ечим топгунча вақтинчалик олиб қўйилаётир.
Вилоятда нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом этмоқда.