Нафсига “қулоқ тутган” гиёҳфуруш
Гиёҳвандлик бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган долзарб муаммолардан бири. Шу боис мамлакатимизда гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши ва улар устидан назорат ўрнатиш борасида кескин ва муросасиз йўл танланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш, наркотик моддалар истеъмол қилишнинг аянчли оқибатлари ҳақида фуқароларни хабардор этишга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ишларини бир зум бўлса-да сусайтиргани йўқ. Лекин шунга қарамай қабиҳ ниятларини амалга ошираётган оғуфурушлар, уни сақлаб келаётганлар ҳам учраб туради.
Бухоро вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Қоракўл тумани “Маллаишайх” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Б.Б. ўз яшаш хонадонида 10 дона гугурт қутисига қадоқланган ҳолдаги, қуритилган, таркибида фаол гиёҳвандлик воситаси-тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган, соф вазни 28.63 грамм “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини сақлаб келганлиги аниқланган. Шунингдек, уни қонунга хилоф равишда 5 миллион 400 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Виждонга эмас нафсга қулоқ тутиш эвазига бугун ушбу инсоннинг боши эгик. Фарзандларининг эса кўзида ёш. Гиёҳванд модда савдосидан мўмай даромад кўзлашдан аввал у жиноятга етакловчи иллат эканлигини вақтида англаганида эди, балки ҳозир тергов хоналарида эмас, балки оиласи даврасида вақт ўтказаётган бўларди.
Зариф Комилов, ЎзА