Нафсига қул бўлишнинг оқибати
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бахмал туман бўлими томонидан ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Нафсамқул Бостамқулов (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) шу туман ҳудудидаги дам олиш маскани қуриш учун ажратилган 60 сотих ер майдонининг 20 сотихини фирибгарлик йўли билан сотаётганида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Нафсамқул текин даромад орттириб, тезда бойиб кетиш режасини тузган эди. Йўлида учраган қўшни қишлоқлик Алиқул: “Бахмалнинг тоғли ҳудудидан арчали, сойида суви бор жой бўлса 20 сотихини сотиб олардим, пули нақд”, дея ёрилиб қолди.
Икки оғайни келишиб, тумандаги дам олиш маскани қурилиши учун ажратилган 60 сотих ернинг 20 сотихини 12 минг АҚШ долларига “Бор барака!” қилди. Келишилган пулни олиб, Алиқул келишилган жойга олиб борадиган бўлди...
Бошқа бировга тегишли бўлган ерни кимгадир сотиб, бойиб кетаман, деб дарахтнинг шохида юрган Нафсамқул, ДХХ ва ИИБ ходимларининг баргида юрганини сезмай қолди. Келишилган пулнинг 10 минг АҚШ долларини олганида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пайдо бўлди ва унинг қўлларига кишан солди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан Нафсамқул Бостамқуловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати ўтказилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА