Гиёҳвандлик шундай балоки, у нафақат бир инсонни таназзулга етаклайди, балки унинг оиласи, яқинларига зиён келтиради, жамиятдаги тинчлик-тотувлик, хотиржамликка путур етказади. Шунинг учун бу иллат қораланади, унга қарши муросасиз кураш олиб борилади. Хусусан, мамлакатимизда ҳам гиёҳвандлик, наркотик моддалар савдоси, унинг ҳар қандай турини етиштириш ва сақлаш каби ҳаракатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиб, жиноятга жазонинг муқаррарлиги, қонун устуворлиги таъминланиб келинмоқда. Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилаётган тадбирлар давомида бу йўналишдаги жиноятларга чек қўйилмоқда.
Қўқон шаҳрида яшовчи Б.Ф. эса бу қонунларни четлаб ўтишни афзал билди, оқибатда эса жиноятчига айланиб, юзи шувут бўлди.
У бир неча йиллардан буён гиёҳвандлик тўрига илиниб, ҳаловатини йўқотди, уни истеъмол қилмаса туролмайдиган даражага етди. Нафс эса ўз ўлжасини жиноят кўчасига етаклади, кўзини кўр, қулоғини кар қилди...
Куз кунларидан бири эди. Гиёҳванд модда учун бор- будини ҳам тикишга тайёр Б.Ф. сўраб-суриштириб, Фарғона туманидан унинг “дардига дармон” бўла оладиган Ёдгор исмли шахсни топди. Телефон орқали гаплашиб, учрашув жойини белгилади. Сўнг не машаққат билан жамғарган 5 минг доллар пулини олди-да, оиласи, фарзандлари ризқи қийилаётганини хаёлига ҳам келтирмай, ўз машинасида Фарғона шаҳри томон шошилди. Шаҳарнинг хилват кўчаларидан бирида Ёдгор билан учрашиб, гиёҳвандлик моддасини сотиб олди. Шу паллада яна бир муддат кайф қилиши, жони ором топиши кўз олдидан ўтган бўлса, ажаб эмас.
Халқимизда “Кўза кунда эмас, кунида синади” деган нақл бор. Шу куни Б.Ф. муваффақиятли ўтган наркотик савдосидан мамнун ҳолда Қўқонга қайтди. Йўлда эса ДХХ вилоят бошқармаси тезкор бўлими ходимлари томонидан ўтказилаётган тадбирга дуч келди. Унинг бошқарувидаги “Gentra” русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда ўриндиқ остида целлофан халтага солинган қора рангли, оғирлиги 900 грамм бўлган ёпишқоқ ва ўткир ҳидли модда борлиги аниқланди. Суд-кимёвий экспертизаси хулосасига кўра, ушбу модда опий гиёҳвандлик воситаси эканлиги аён бўлди...
Суриштирув ва тергов жараёнлари ниҳоясига етиб, суд ҳукми ўқилди. Б.Ф. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, жазо тайинланди. Энди у умрининг беш йилини панжара ортида ўтказади. Шунингдек, гиёҳвандлик касаллигидан мажбурий тартибда даволаш чоралари кўриладиган бўлди.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири