Нафосат соҳибаларига эҳтиром кўрсатилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Узоқ йиллар турли соҳаларда фидойи меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрий онахонлар, давлат хизматчилари, ижтимоий соҳалар вакилаларию тадбиркор опа-сингилларимизга байрам баҳона эҳтиром кўрсатилди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятдаги ўрнини юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритди.
[gallery-16269]
Таъкидланганидек, Президентимизнинг тегишли фармон ҳамда қарорлари ижроси доирасида вилоятда ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган жами 150 нафар талаба хотин-қизга жами 1 миллиард 61 миллион сўм контракт пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, ўтган 2023 йил давомида олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида 126 нафар ва мутахассислиги бўйича камида 5 йил иш стажига эга бўлган 27 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг ўқишга кириши таъминланди. Боқувчиси бўлмаган, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож ҳамда қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатилди. Уй жойга муҳтож 895 нафар хотин-қизнинг 771 нафари уй-жой билан таъминланди. Бу эзгу ишларнинг давоми сифатида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш учун вилоятдаги оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида иккиламчи бозордан сотиб олинган уй-жойларга 24 нафар хотин-қизлар жойлаштирилади.
Тадбирда 18 нафар хотин-қизга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиқ” ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Баҳор ва аёлларни, она юртимизни мадҳ этувчи дилрабо куй-қўшиқлар, жозибали рақслар байрам тадбирига ўзгача файз киритди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА