“Нафасов ҳақиқати” тикланди
Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президентлиги лавозими атрофида гап-сўзлар урчиган эди.
Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президентлиги лавозими атрофида гап-сўзлар урчиган эди. Яъни, ўтган 11 ой давомида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси иккига бўлинган ҳолда фаолият юритиб келаётганди.
Гап шундаки, 2018 йил 26 сентябрь куни гўёки федерациянинг навбатдан ташқари конференцияси ўтказилиб, унда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти этиб Аламжон Муллаев сайлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Федерациянинг амалдаги президенти Нурхон Нафасов вазифасидан озод этилганди.
Орадан 11 ой ўтиб “Нафасов ҳақиқати” тикланди.
Жорий йил 27 август куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди Ўзбекистон Республикаси номидан ҳал қилув қарорини чиқарди.
Қарор мазмунига кўра, Нурхон Нафасовнинг жавобгар Нурмухумбет Иминов, Аламжон Муллаевга нисбатан йиғилиш баённомаси ва қарори, лавозимдан озод қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилди.
Яъни, суд томонидан Ўзбекистон каратаэ миллий федерациясининг 26.09.2018 йилдаги йиғилиш баённомаси ва қарори ҳақиқий эмас, деб ҳисобланди ҳамда 27.09.2018 йилдаги Н.Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти лавозимидан ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ғайриқонуний, деб топилди.