Мамлакатимизда барча соҳалар қатори илмий тадқиқот йўналишида ҳам халқаро ҳамкорлик кўлами кенгайиб боряпти. Хусусан, юртимизда дунёнинг ривожланган давлатларидан келган кўплаб олимлар илмий изланиш олиб бориши эндиликда одатий ҳолга айланган. Япониялик Нацуми Шида ҳам серқуёш Ўзбекистонга меҳр қўйган, бетакрор анъаналаримизни тадқиқ этаётган мутахассислардан бири. ЎзА мухбири унинг Ўзбекистон ҳақидаги дастлабки таассуротларини ёзиб олди.
– Мен докторант Нацуми Шида, анъанавий гиламчилик мавзусини тадқиқ этиш мақсадида Япониядан Сурхондарё вилояти Бойсун туманига келдим. Ҳозир Тошкентдаман, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтида стажировка ўтаяпман.
Мени халқ орасида “палос” деб аталадиган гилам ҳамиша қизиқтириб келган. “Бундай гилам тўқийдиган “турк кўчманчилари” кимлар?”, “Доим бир манзилдан бошқа жойга кўчиб юриладиган ҳаёт тарзида улар палосни қай тарзда тўқишади?” каби саволларга жавоб излардим. Университетда тарих, аспирантурада эса маданий антропология (этнография) бўйича ўқиганман. Хуллас, тадқиқот объекти сифатида Бойсун анъанавий гиламчилигини танладим.

Яратувчанлик инсонга хос хусусият. Одам айнан яратиш орқали табиат, табиий ресурслар билан уйғун яшайди, дейиш мумкин. Мен шундай яратувчанлик моҳиятини ўрганиш учун тижоратлашмаган, бошқача айтганда, сотилмайдиган, бироқ фойдаланиладиган ашёни, шундай маҳсулот яратувчи моҳир усталарни имкон қадар тадқиқ этишга ҳаракат қиляпман.
Илмий ишимда инсоннинг хусусияти буюм тайёрлаш орқали қай тарзда авлоддан авлодга ўтиши ва қайта туғилишини Бойсун гиламчилиги мисолида кўрсатиб бермоқчиман.
Бойсунда ярим кўчманчи ҳаёт тарзини кечирадиганлар бисёр. Тадқиқот учун ўтган йил ёзда туманнинг тоғли қишлоқларига келганимда, ўтовда яшаётганлар билан танишдим. Хорижда Ўзбекистонни чорва кенг тарқалган, ривожланган мамлакат сифатида билишмайди. Бу эҳтимол, кўп йиллар давомида мамлакат иқтисодиёти ва сиёсатида муҳим ўрин тутган пахтачилик билан боғлиқдир. Шу боис республика жанубида яшаётган ярим кўчаманчилар ҳаёт тарзини ўрганиб, изланиш натижасини чоп этишга қарор қилдим. Ҳозирча бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмасман, бироқ шуни айтиш мумкинки, бундай кишилар узоқ вақт давомида чорвачилик билан шуғулланиб, табиат билан уйғун яшаб келишмоқда. Менинг, таъбир жоиз бўлса, вазифам – кўчманчилар ўзларининг кундалик турмушида орттирган, авлоддан авлодга ўтказиб келаётган “билимлари”ни ўрганиш ва бутун дунёга тарғиб этиш.

Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашар эканман, кўпинча ва ҳар хил вазиятда “ўзбек менталитети” ибораси қулоғимга чалинади. Бу тушунчани бир сўз билан “меҳмондўстлик” деган бўлардим.
Марказий Осиёга келган хорижлик меҳмонларнинг жуда кўп илмий ишлари, саёҳат очеркларини ўқиганман. Меҳмондўстлик минтақа халқларининг муҳим фазилати эканини билардим. Энди бунга яна бир бор амин бўлдим. Масалан, қийин вазиятга тушиб қолганимда ўзбеклар “сиз азиз меҳмонимизсиз”, дея менга ёрдам қўлини чўзишади ёки уйларига таклиф этишади. Ўзбек халқи учун табиий ҳол бўлиши мумкин, бироқ бундай муносабат кўпчиликни ҳайратга солди.

Ўзбек хонадонларида уй эгаси меҳмон учун зиёфат бериши, оила аъзоларининг бу жараёндаги хулқ-атвори меҳмондўстликнинг юқори чўққиси бўлса керак. Меҳмон келганда унга қўл ювиш учун сув, кейин сочиқ тутишади, дастурхонга дастлаб чой ва ширинлик тортилади, нон ушатилади, сўнгра ҳаммага таом тортилади. Пиёла бўшаб қолса, яна чой қуйиб беришни ҳоҳлашади, кўпинча ёшлар чой ташиб туради, катталар эса меҳмонлар билан суҳбатлашади, ора-сира ёшларга кўрсатма бериб қўйишади. Ёшлар болаликдан шундай меҳмондўстликни кўриб улғайишади.
Ўзбек миллий таомлари менга жуда ёқади. Улар ҳатто, япон таомларидан ҳам мазали. Ўзбек тили ўқитувчим хонадонида таом пишириш жараёнини кузатдим ва миллий таомлар тайёрлашни ўргана бошладим.
Хонадон соҳибалари тушликдан сўнг бир-икки соат дам олишгач, кечки овқатга уннаб кетиши ёдимга тушади. Ўзбек ошхонасида таом тайёрлашнинг ҳар хил усули бор. Умуман, бу машғулот анча вақт ва ҳаракат талаб қилади. Японияда эса фақат моҳир ошпазларгина таом тайёрлаш учун шундай кўп куч сарфлашади. Бизда, одатда, таом уй шароитида 20-30 дақиқа, кўпи билан бир соатда тайёрланади. Масалан, уйда чучвара тайёрлаш учун дўкондан хамир сотиб оламиз. Тайёр масаллиқдан керакли хамир овқат турини тугиш, қовуриш, қайнатишга бир соатдан камроқ вақт кетади. Ўзбекистонда эса ҳамма иш уй шароитида бажарилади. Айтишларича, бунда таом ҳам арзон тушади, ҳам мазали чиқади.
Ҳозир Япония ва Ўзбекистонда таом тайёрлаш учун сарфланадиган вақт, ҳаракат ҳақида мулоҳаза қилдик. Биз кўпинча самарадорлик, кам вақт сарфлаб кўп нарсага эришиш ҳақида ўйлаймиз. Мени эса одамлар ҳақиқатан ҳам тежалган вақтдан унумли фойдаланишяптими, деган савол ўйлантиради. Ўзбекистонда, эҳтимол, иқтисодий омиллар туфайли таом тайёрлаш учун кўп вақт ва ҳаракат сарфланар. Аслида, оила учун сарфланган вақт, қариндошлар ва қўни-қўшнилар, яқинлар билан бирга овқат пиширишнинг ўзи ҳаётда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.
Бу Ўзбекистонда одатий ҳол бўлиши мумкин, бироқ Японияда туғилиб ўсган хорижлик аёл сифатида ўзбек аёлларининг бундай ёндашувини юқори баҳолайман. Айни дам ҳар куни оила даврасида тайёрланадиган таомдан баҳраманд бўлаётган инсонлар, фарзандларга ҳавасим келади.
Гарчи, асосан ўзбек ошхонаси, оилалардаги муносабат ҳақида ёзган бўлсам-да, бу мақола анъанавий гиламдўзликка оид тадқиқотимнинг мантиқий давоми бўлишига ишонаман. Қолаверса, бизнинг биринчи суҳбатимиз охиргиси бўлмайди, деган умиддаман. Кейинги гал диссертациям учун Сурхондарёга уюштирган илмий саёҳатим давомида олган тассуротимни ЎзА ўқувчилари билан бўлишаман, деган ниятдаман. Ва эҳтимол, бу япониялик тадқиқотчи аёлнинг қизиқарли ҳикоялари туркуми бўлар?...
Нигора Юсупова суҳбатлашди,ЎзА