Наботот ва ҳайвонот оламини асраш бурчимиз
Мамлакатимиз ҳайвонот ва наботот олами ниҳоятда бой. Биохилма-хилликни асраш, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб ҳайвонлар ва қушлар ҳамда ўсимлик турларини муҳофаза қилиш ҳаётий заруратдир.
Наманганда Экология, овчилик жамиятлари мутасаддилари экофаол ёшлар иштирокида ёввойи ҳайвонларни асраш ва муҳофаза қилишга қаратилган биотехник тадбирлар ташкил этди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфида бўлган муҳофаза этиладиган мажмуаларда илмий-тадқиқотлар мониторинг тарзида олиб борилиб, улар амалий аҳамиятга эга. Тадқиқотлар натижасида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида содир бўлаётган ўзгаришлар кузатилиб, келажакда бу экотизимларда юз бериш эҳтимоли бор ижобий ўзгаришлар ўрганилади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ташкил этилиши минтақадаги табиий мажмуаларнинг қайта тикланишига ҳамда экологик хавфсизликка бўлган таҳдидларнинг, яъни чўлланишнинг ортиб бориши, ҳавонинг қум ва чанг зарралари билан ифлосланиши, иқлимнинг кескин ўзгаришига таъсир кўрсатувчи салбий омилларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
–Ҳавонинг совиши туфайли ёввойи ҳайвонларнинг озуқа излаб топиши бирмунча қийинлашади, улар ожиз бўлиб қолади ва “браконьерлар”нинг осон ўлжасига айланади. Шунга асосан Овчилар уюшмаси билан ҳамкорликда биотехник тадбирлар ўтказмоқдамиз, – дейди Наманган вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси масъул ходими Икромжон Орифжонов. – Чуст туманидаги Ғова, Олмос қишлоқлари ҳудудидаги тоғли жойларда ёввойи қушлар ва ҳайвон турларини муҳофаза қилиш, ноқулай об-ҳаво шароитида уларни беталафот асраб қолиш мақсадида биотехник тадбирлар ўтказилиб, улар учун макка ёрмаси, буғдой, кепак каби озуқалар сепилди.

Ҳайвонлар ва қушларни муҳофаза қилиш мақсадида уюштирилган бундай хайрли тадбирлар вилоятнинг бошқа туманлари ва олис ҳудудларида ҳам ташкил этилмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири