Президентимиз раислигида шу йилнинг 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида маънавият, маърифат, маданият ва санъат соҳасида олдимизда турган ўта долзарб вазифалар белгилаб берилди. Ушбу йўналишдаги кенг кўламли ишларни янада юқори поғонага олиб чиқиш борасида ҳаётий ташаббуслар илгари сурилди.
Ана шундай ташаббуслардан бири музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилинишидир. Шунингдек, Тарих музейи ҳамда Санъат музейининг янги бинолари барпо этилиши, Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозицияси янгиланиши, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланиши айтилди. Бундан ташқари, музейларимизда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, давлатчилик тарихи ва буюк алломалар фаолияти бўйича янги экспозициялар ташкил қилиниши таъкидланди.
Дарҳақиқат, музейлар — тарих кўзгуси, кеча билан бугунни, бугун билан келажакни ўзаро боғлаб турадиган маънавият, маданият масканидир. Ушбу масканларни қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши ўтмишимизга, бой тарихимизга, аждодларимизнинг бебаҳо меросига бўлган эътибор намунасидир.
— Бугунги таҳликали бир даврда жамиятимизда маънавий юксакликни кўтариш, фуқароларни маънавий жиҳатдан тўлиқ шакллантириш, юртга, маданий меросимизга, тарихимизга дахлдорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова. — Президентимиз раислигида ўтган учрашувда жамиятимизнинг, фуқароларнинг маданиятини, маънавиятини юксалтиришда санъат, маданият соҳаси, музей ва театрларнинг ўрни алоҳида экани таъкидланди ва ҳар бир йўналишда бир қатор янги ташаббуслар илгари сурилди.
Таъкидлаш жоизки, биргина музейлар соҳасида Президентимиз томонидан жуда кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди. Улар асосида музейлар фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини такомиллаштириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилди. Аммо ҳали олдимизда анча ишларимиз бор. Давлатимиз раҳбари маънавиятчилар билан учрашувда Ўзбекистон тарихи давлат музейига замонавий, инновацион бино қуриб бериш таклифини берди. Биласизми, битта тарихий шахс учун қурилган ушбу бино ҳудуди неча минг асрлик ўзбек халқининг тарихини кўрсатишга кичиклик қилади. Шу боис ҳам Президентимизнинг бу таклифидан жуда хурсанд бўлдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nCqpHAROay0" title="Muzeylar — tarix koʻzgusi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Президентимиз Лувр музейида ўтказилган кўргазма ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Агар давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати бўлмаганда, дунёдаги бу машҳур музейда кўргазма ташкил қила олмас эдик. Чунки бу музейда кўргазма қилувчиларнинг навбати катта. Лувр бошланиши бўлди, холос. Ундан кейин Саудия Арабистонида, Хитойда, Берлинда кўргазмалар ташкил қилинди. Янги йилдан эса Буюк Британия, Япония ва бошқа давлатларда кўргазмалар ташкил этилади. Хорижда бундай кўргазмаларни ташкил қилишнинг аҳамияти шундаки, биз бой тарихимизни, халқимизнинг маданиятини бутун дунёга тарғиб этиш имконига эга бўламиз, — дейди Ж.Исмоилова.
Музейлардаги мавжуд осори-атиқаларни асраб-авайлаш, уларнинг фондини янги топилмалар билан бойитиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда эса реставрация ишларининг самарали ташкил этилиши алоҳида ўрин тутади. Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари Франция билан ҳамкорликда Миллий реставрация маркази фаолияти йўлга қўйилишини алоҳида таъкидлади.
— Бизда реставрация мактаби йўқ. Луврда кўргазма ташкил этиш учун қарийб 4 йил тайёргарлик кўрдик. Ашёларимизни Лувр музейининг реставраторлари келиб кўргазмага тайёрлашди. Турли тарихий ашёларнинг неча минг йиллик чангларини артишни, тозалашни ҳам ўзига хос йўли, сир-асрори бор. Бу жараёнда хорижий реставраторлар билан ёнма-ён ишлаган ўзбекистонлик реставраторларимиз учун маҳорат дарси бўлди, маҳорати ошди.
Аммо бу бир марталик кўргазма жараёнида ўрганадиган ҳолат эмас. Шу боис давлатимиз раҳбари Франция билан ҳамкорликда Миллий реставрация маркази фаолияти йўлга қўйилишини айтганларида жуда хурсанд бўлдик. Шундай осори-атиқалар борки, улар ҳатто нафасингиздан ҳам зарар кўриши мумкин. Ҳар бир соҳанинг ўз устаси бор. Ўзбекистонда Миллий реставрация маркази қанчалик тез ташкил этилса, музейларимиз олдида турган катта муаммоларнинг бир қисми ҳал этилган бўлади. Шу билан бирга, ушбу марказ ҳар бир музейга камида биттадан мутахассис тайёрлаб берса, музейларда реставрация масалалари ечилган бўлар эди, — дейди Жаннат Исмоилова.
Тарихимиз, бой маданий меросимизни бугунги ва келажак авлодларга намойиш этадиган, ўзида бебаҳо намуналарни сақлаётган музейларимиз халқимиз, айниқса, ёшларимиз маънавиятини, маданий савиясини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Шундай экан, бу масканларга бўлган эътиборни янада кучайтириш бугунги куннинг долзарб масаласидир.
Муҳтарама Комилова, Аброр Содиқов (видео), ЎзА