Музей экспонатлари олис ўтмишдан хабар беради
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ташаббуси билан уюшманинг Аёллар кенгаши аъзолари Янгиер шаҳрида истиқомат қилаётган, санъат ва адабиёт ихлосманди, тадбиркор Раимберди Расулбердиев томонидан ташкил этилган “Эътибор” нодавлат нотижорат музейига пресс-тур уюштирди.
Тарихий ашёларга меҳр қўйган санъат ихлосманди Раимберди Расулбердиев узоқ йиллар давомида қишлоқма-қишлоқ юриб, XIX–XX асрларга оид 400 дан ортиқ тарихий ашёлар ҳамда чўлни ўзлаштиришда хизмат кўрсатган меҳнат қаҳрамонлари ҳақидаги маълумотларни жамлади ва ўз маблағи ҳисобидан музей барпо этди. Бу ташаббус маҳаллий тарих ва миллий меросга бўлган муҳаббатнинг амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Музейда қадимий уй-рўзғор буюмлари, каштачилик намуналари, чорвачилик ва омоч ускуналари, механик соатлар, чойнаклар, радиоқурилмалар ҳамда телефон аппаратлари каби турли экспонатлар жой олган. Мактаб ўқувчилари, ёшлар ва турли касб эгалари музейга ташриф буюриб, тарих ва миллий анъаналар билан яқиндан танишиб, бир олам таассурот олишмоқда.
Пресс-тур давомида музей директори Расулберди Раҳмонбердиев музей фаолияти, экспонатларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг тарбиявий аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, музейда намоён этилаётган ҳар бир қадимий уй-рўзғор буюми ўтмишдаги аждодлар ҳаёти, турмуш тарзи ва меҳнат маданиятини акс эттиради.

– Бу экспонатлар шунчаки ашё эмас, улар халқимизнинг хотираси, – дейди Расулберди Раҳмонбердиев. – Ёшлар бу ерга келиб, бобо-бувиларимиз қандай яшаганини, қандай меҳнат қилганини ҳис этади. Музейнинг асосий мақсади ҳам ана шу тарихий хотирани асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказишдан иборат.
Шунингдек, музей директори Янгиер шаҳрининг ташкил топиш тарихи, унинг саноат ва маданий ривожланиш босқичлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берди. Унинг ёрдамчиси Жўрақул Элмуродов эса ҳар бир экспонатнинг келиб чиқиши, қандай шароитда топилгани ва музейга олиб келингани ҳақида журналистлар саволларига жавоб берди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари музейга китоблар тўпламини тақдим этди. Пресс-тур иштирокчилари музейдан илиқ таассурот ва катта илҳом билан қайтишди. Шунингдек, Аёллар кенгаши аъзолари 2026 йилга мўлжалланган иш режаси доирасида тарих ва маданий меросни тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири