Музайяна Алавиянинг “Танланган асарлари” тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, фольклоршунос олима Музайяна Алавиянинг “Танланган асарлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар Музайяна Алавия ижод йўлининг ўзига хосликлари хусусида сўзлади.
Музайяна Алавия беором ва беҳаловат ҳаёти давомида Абдулла Қодирий, Фитрат, Ойбек каби буюк ижодкорларга замондош, суҳбатдош бўлган инсон эди.
[gallery-13712]
Шоира, фольклоршунос тадқиқотчи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Музайяна Алавия 1909 йили 20 апрелда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Дастлаб Самарқанд педагогика билим юрти, кейинчалик Низомий номидаги Тошкент педагогика институти – ҳозирги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олган. Музайяна опа кўп йиллар давомида Тошкент шаҳар мактабларида ўқитувчи, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида кичик, катта илмий ходим бўлиб ишлаган.
Манбаларга кўра, Музайяна Алавиянинг “Бугунги мен” номли биринчи шеъри 1927 йил “Маориф ва ўқитувчи” журналида босилган. Музайяна Алавия халқ ижодкорларидан кўплаб фольклор асарларини ёзиб олган ва нашрга тайёрлаган. “Оқ олма, қизил олма”, “Интизор”, “Далли” ва бошқа китоблар шулар жумласидандир.
Халқ ижодиётига бағишланган илмий ишларидан ташқари ўнлаб шеърлар, достонлар, “Одамийлик ҳақида”, “Дил нидоси”, “Камтарлик – яхши фазилат”, “Ён қўшним – жон қўшним”, “Ўйларимдасиз” каби рисолаларнинг муаллифи. Бу китоблар ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий камолотида муҳим аҳамият касб этгани билан диққатга сазовор.
Олима узоқ йиллар давомида ўзбек халқ қўшиқларининг бадиий-эстетик хусусиятлари, маросим фольклори бўйича тадқиқотлар олиб борган. Музайяна Алавия Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори.
Музайяна Алавиянинг “Танланган асарлари” китобининг биринчи жилдида олима томонидан ёзиб олинган халқ оғзаки ижодининг ноёб намуналари билан бирга, унинг шу маданий бойликни илмий ўрганишга бағишланган монографияси ва адабий-танқидий мақолалари ўрин олган.
Музайяна Алавия наинки фольклоршунос тадқиқотчи олима, балки жамоат арбоби ҳам эди. У ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб ўзбек аёлларининг ҳаётини яхшилашга бағишланган очерк, мақола, шеър ва достонлар, ҳикоялар ёзган. Унинг одоб-ахлоқ масалаларига бағишланган мақолалари ўзбек хотин-қизлари ижтимоий-маданий ҳаётини кескин ўзгаришида алоҳида аҳамият касб этган.
“Танланган асарлар”нинг иккинчи жилдида XX асрнинг 20-80-йилларида Ойдин, Зулфия, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Сора Эшонтўраева сингари улуғ ижодкор аёллар билан бир сафда туриб, аёллар тафаккурининг ижобий ўзгаришига самарали таъсир ўтказган Музайяна Алавия ҳақидаги хотиралар билан танишиш мумкин. Мазкур китобларни Лобар Қўчқорова тўплаб нашрга тайёрлаган.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА