Мухлислар учун мусиқий туҳфа
"Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Қаҳрамони, бетакрор овоз соҳибаси Муножат Йўлчиеванинг "Инсон қадри азиздир" деб номланган концерт дастури мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Ўзбекистон халқ артисти, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори Муножат Йўлчиева миллий мақом санъатимизни мамлакатимиз ва хорижда ғоят муносиб тарзда тарғиб этиб келаётган фидойи ижодкордир.
Унинг сеҳрли ва мафтункор ижроси жаҳоннинг миллионлаб мухлисларини ўзбек мақом санъатининг ҳақиқий шинавандасига айланишига сабабчи бўлган.
Халқимизнинг суюкли хонандаси дунёнинг қайси давлатига бормасин, миллий санъатимизни ғоят муносиб тарзда мусиқа ихлосмандларига ҳавола этиб келади.
Унинг репертуаридаги мақом йўлларида айтилувчи ижролар, миллий ва мумтоз ашулалар, катта ашулалар, бастакорлар ижодига мансуб қўшиқлар санъатсевар халқимизнинг кўнгил мулкига айланган.
Муножат Йўлчиева ўзининг ҳар бир ижроси, унинг сўзи, оҳанги устида заргарона меҳнат қилувчи санъаткор сифатида қадрли. Айни жиҳатлар эса кўпчилик ёш ижрочилар учун ибрат мактабидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.
"Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган "Инсон қадри азиздир" номли концерт жуда файзли руҳда ўтди. Миллий ва мумтоз ашулалар мухлисларга унутилмас таассурот, завқ бағишлади.
Н.Усмонова, ЎзА