Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан мактаб директорлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, мактаблар ўқув дастурини такомиллаштириш ҳамда унга рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик алоқаларни ўрнатган.
Ҳамкорлик доирасида Сингапур “Marshall Cavendish Education” таълим ташкилотининг 16 нафар эксперти томонидан жорий йилнинг 10-14 июнь кунлари 100 нафар мактаб директори ва 60 нафар ҳудудий координатор учун лидерлик ва ўзгаришларни бошқариш бўйича тренинг курслари олиб борилди. Шунингдек, 8-12 июль кунлари 200 нафар мастер-тренер (математика ва табиий фанлар (Science) ўқитувчилари ва методистлари) ва 60 нафар координатор учун 5 кунлик халқаро даражадаги семинар-тренинглар ташкил этилди.
[gallery-18621]
Мазкур тадбирнинг давоми сифатида жорий йилнинг 5 августида Педагогик маҳорат марказида “Муваффақиятли ислоҳотлар – юқори натижалар” мавзусида семинар-тренинглар ўз ишини бошлади.
–9 август кунига қадар давом этадиган мазкур тадбирда вилоятдан танланган 26 нафардан ортиқ тажрибали мактаб директори ҳамда 110 нафарга яқин математика ва табиий фанлар йўналишларида фаолият юритувчи педагог иштирок этади, –дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳидоят Жумаева.
Эндиликда мазкур курслар “kaskad” усулида туман ва шаҳарлар ҳамда мактаблар даражасида давом эттирилади.
Маълумот учун: Сингапур давлати таълимга оид нуфузли тадқиқотлар натижаларига кўра, дунёда етакчи мамлакатлардан бири бўлиб, таълимга сармоя киритиш, инсон капиталини ривожлантиришга эътибор қаратиш орқали мамлакат тараққиётига эришган давлат сифатида эътироф этилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари