Мутлақ ғолибларга автомобил берилди
Жиззах вилояти Зарбдор туманида спортнинг халқаро кураш ва белбоғли кураш тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида “Полвонлари кўп юрт – қудратли бўлур!” шиори остида халқаро турнир бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан келган полвонлар ғолиблик учун гиламга чиқди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси раиси М.Муратов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Р.Дастиров иштирок этди. Мамлакатимизда миллий спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, халқаро кураш ва белбоғли кураш билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароит яратилаётганини таъкидлади.

Мусобақада эркаклар – халқаро кураш спорт тури бўйича 60, 66, 73, 81, 90 килограмм ва ундан ортиқ, белбоғли кураш бўйича 55, 60, 66, 73, 81, 90, 100 килограмм ва ундан ортиқ вазн тоифасида, хотин-қизлар эса халқаро курашнинг 48, 52 ва 57 килограмм вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом, медал ҳамда пул мукофоти, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Эркаклар ўртасида ўтказилган халқаро курашда биринчи ўринни қўлга киритган Муҳсин Ҳисомиддинов, белбоғли курашда мутлақ ғолиб бўлган.

Нодир Ахатжоновларга “NEXIA-3” русумли автомобилнинг калити топширилди.

А.Қаюмов.
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА