Мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларида кечадан буён ҳеч кузатилмаган ҳолат – чанг бўрони давом этмоқда. Бу ҳолат кўпчиликни ҳайратга солмоқда, тушкунликка туширмоқда.
Бундай шароитда ҳар қандай соғлом одам ҳам ўзини ноқулай ҳис қилади, нафас олишга қийналади. Айниқса, сурункали нафас йўллари хасталиклари мавжуд бўлган беморлар чангли бўрондан кўпроқ азият чекади.
Хўш, бундай ҳолатда қандай чоралар кўриш лозим, чангли ҳавонинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида қандай тавсиялар берилади?
Бу борада Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори ўринбосари Наргиза АЙДАРОВА қуйидагиларни таъкидлади:
— Чангли бўрон бизнинг ҳудудимизда кам кузатиладиган ҳолат. Афсуски, кечадан буён бундай ноқулай ҳаво содир бўлиб, кўпчиликда ваҳима уйғотмоқда, саломатлигимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис деразаларни зичлаб ёпиш, зарурат бўлмаса, ташқарига чиқмаслик лозим. Уй ҳавосини намлантириб, юзалардаги чангларни тез-тез артиб, тозалаб туриш, хонага идишларда сув қўйиш зарур. Кўпроқ суюқлик ичиш керак. Одатда баҳор ва куз фаслида аллергик каалликлар авж олиши, хуруж қилиши кузатилади. Аллергик касалликларга чалинган беморларда бу чангли ҳаво янада салбий таъсир кўрсатади. Албатта, шунинг учун бундай беморлар ўзининг даволовчи шифокорлари ёки оилавий шифокорлари билан телефон орқали маслаҳатлашишлари лозим. Тавсия қилинган дори-дармонларини ўз вақтида олишлари керак. Зарур бўлмаган ҳолатда кўчага чиқмасликларини тавсия қилган бўлардим. Ишга, ўқишга чиқадиган фуқаролар эса, албатта, тиббий ниқобда чиқишлари зарур.
Бундай ноқулай ҳаво соғлом одамларга ҳам таъсир қилмай қолмайди. Инсонда ҳимоя рефлекслари бор. Яъни, ноқулай ҳаво шароитида ёки ташқи муҳитдан ёт модда нафас йўлларига тушганда, аксириш, йўталиш юзага келади. Улар ҳам кўчага чиқишда ниқобда чиқишлари, кўз шиллиқ қаватларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя кўзойнакларини тақишларини малаҳат берамиз.
Уйда ўтирган болаларимиз, айни таътил пайти ўқувчиларимиз, отахон-онахонларимиз ҳам тез-тез суюқлик, шарбат, компотлар, дамламалар ичишлари лозим. Яна бир нарса — нимтатир қилиб тузли эритма тайёрлаб оғиз ва бурунларни чайиб туриш тавсия қилинади. Дорихоналарда ҳам тайёр дори воиталари ҳам борки, улар чангил тўзонли ҳавода нафас йўлларини тозалаб туришга ёрдам беради, соғлигимизга катта зиён етишининг олдини олади.
Сурункали нафас йўллари касалликлари билан касалланган беморлар, астматикларнинг бронхлар сезувчан бўлади. Шу боис, аввало, уйда ўтириш, уй ҳавосининг намлик даражасини ошириш учун иситиш мосламалари олдига сувларни қўйиб қўйиш, нам латталарни деразалар олдига қўйиб қўйиш лозим. Бундан ташқари, ниқоб тақишда ҳам оддий ниқоб эмас, респираторлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки оддий ниқобда очиқ жойлари бор. Респираторларнинг эса тепасида темир қисми мавжуд бўлиб, у бурун қисмини қаттиқ, зич ушлаб туради ва ҳар хил моддалар киришидан сақлайди. 95-98 фоизгача микроблар, майда чангларни киритмайди.
Озиқ-овқат истеъмолида нималарга эътибор бериш лозим?
Бундай шароитда гипоаллерген парҳезларни тавсия қиламиз. Тоза табиий асал, турли прополис сақловчи озиқ-овқат маҳсулотлари, ёнғоқ, томоқни қичитадиган маҳсулотлар, шокалад, турли цитрус мевалар, зираволар, турли консервантлар, бўёқлар сақловчи ичимликларни истеъмол қилмаслик лозим. Чунки аллергик касалликлар билан оғриган беморлар парҳезга амал қилишмаса, саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ижтимоий объектларда, касалхоналарда, офис ва мактабгача таълим муассасаларида, хонадонларда ҳавони намлантирувчи мосламалардан фойдаланиш ҳам фойдали. Бундай мосламалар нисбатан ҳаводаги зарарли моддаларни камайтириб, ҳавони намлантириб беради.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди