Мутасаддилар кўмагида муштипар аёлнинг мушкули осон бўлди
Ҳаётнинг синовларига бардош бериш осон эмас, айниқса, аёлларга. Ўзбекистон тумани Қудаш қишлоғида яшовчи Феруза Жўраева тақдир тақозоси билан турмушидан ажраб, 2 нафар фарзанди билан ёлғиз қолган.
Қийинчиликлар ва тақдир зарбаларини енгиб ўтишни мақсад қилган бу аёл фарзандлари камоли учун изланишдан тўхтамайди.
“Ўхшамаган” деҳқончилиги сабаб бироз қарзга ботиб уни қоплаш учун мусофир юртга йўл олади. Россияда ишлаб, сармоя орттириш, қарзларни ёпишни ният қилган Феруза мусофирчиликнинг қийинчиликларини бошдан кечириб, она юрт, фарзандлар соғинчи ила 4 йилга яқин деганда Ватанга қайтди. Ишсиз бўлган бу аёлга оилани тебратиш осон бўлгани йўқ.
Туманда ташкил этилган ишчи гуруҳи, 3-сектор штаби томонидан оиланинг шароити ўрганилиб, Феруза Жўраева “Аёллар дафтари”га киритилди. Унинг орзу ва режалари билан танишган мутасаддилар ҳаётини ўнглаш, оиласига даромад манбаини топиши учун ҳаракат қилди.
АТ “Халқ банки” Ўзбекистон филиали кўмагида касб-ҳунарга қайта ўқитиш курсларига жалб қилинган Ферузахонга ўз бизнесини бошлаш учун шу банк томонидан 18 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.
Матонатли аёл тадбиркорликнинг ҳали кўпчилик қўл урмаган йўналиши, лекин сердаромад турини қўрқмасдан бошлади. Уй шароитида қўзиқорин етиштираётган тадбиркор ўз ишининг дастлабки натижаларидан мамнун. Қўзиқорин парваришидан дастлабки даромад олиш бошланди.

– “Вышенка” навидан 400 килограмм уруғ эккан эдим. Уруғининг ҳар килограмидан 10-15 килограмгача ҳосил олинар экан. Беғубор ўсимлик экан, меҳнати ҳам унча қийин эмас. Бир ой ўтиб, биринчи ҳосилни тердим. Харидорлари тайёр, вилоят марказидаги савдо дўконларига ва пойтахтга ҳам етказиб беряпман. Сўнгги бир ҳафтанинг ўзида 4 миллион сўмлик сотдим. Куз мавсумигача яна анча ҳосилим бор ҳали. Нархлар ҳам шу мавсумдан яна кўтарилар экан. Ниятим катта, сентябрь ойида 1 тонна уруғ экиб, ўзим каби 5-6 нафар аёлларни ишга жалб этиш ниятидаман, – дейди Феруза Жўраева.
Фарғона вилоятида “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Феруза сингари кўплаб аёлларнинг бор имкониятларини ишга солган ҳолда тадбиркорлик ва касб-ҳунар соҳасида эзгу ташаббусларга бош бўлаётгани оилаларга даромад, фаровонлик олиб киряпти. Аслида кўзланган мақсад ҳам шу.
М. Сулаймонов, ЎзА