Тарихий адолатни тиклаш, мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қувғину қатағонга дучор этилган аждодларимизнинг номини оқлаш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилингани бунга кенг йўл очди.
Фармойишнинг ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Республика ишчи гуруҳи ва қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
“Йўл харитаси”нинг 5-бандида қатағон қурбонларининг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўламини кенгайтириш учун масъулларга вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
“Йўл харитаси”нинг 10-бандида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш белгиланди.
Қатағон қурбонларининг реабилитацияси бўйича масала ўрганиб чиқилди ҳамда Республика ишчи гуруҳига таклифлар кўриб чиқиш учун юборилди.
Бундан ташқари, Олий суд раисининг 2021 йил 9 февралдаги фармойишига биноан, муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳи тузилди.
Олий судга 2021 йил декабрь ойида 120 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан тегишли тартибда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протестлар келтирилган.
2022 йил 6 январь куни ушбу жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, келтирилган протестлар қаноатлантирилди ва Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 6 та жиноят иши бўйича 120 нафар шахс оқланди.
[gallery-5354]
Хусусан, Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) ҳайъатининг 1925 йил 4 сентябрдаги махсус йиғилиш қарорига кўра, Мирза Ибрагимов Мир Ахур ва бошқалар (жами 43 киши) Ўзбекистон Республикаси СССР ЖКнинг 61-моддаси (хорижий мамлакатлар ёки ижтимоий гуруҳлар фойдасига оғиш) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда урушни эълон қилиш ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этиш, 67-моддаси (аксилинқилобий ташкилотларга аъзолик қилиш) ва 69-модда (инқилобий ҳаракат ва пролетарят синфига қарши фаол ҳаракат ёки курашиш) яъни фуқаролар уруши вақтида аксилинқилобий хукумат тузишда айбли деб топилиб, сургун жазосига ҳукм қилиниб, уларга тегишли мол-мулклар мусодара этилган.
Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Доимий вакили ҳузуридаги Учлик йиғинининг 1930 йил 24 январдаги қарорига кура, Аппах Ходжа Асқар Ходжаев ва бошқалар (жами 40 киши) Ўзбекистон Республикаси СССР ЖКнинг 78-моддаси (бандитизм) совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилиб, сургун ва энг оғир жазо-отишга ҳукм қилиниб, отилган ва мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.
Марказий Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 24 мартдаги баёнига кўра, Абдурахимов Мирза Ходжа ва бошқалар (жами 15 киши) Ўзбекистон CССР ЖКнинг 67 ва 78-моддалари, аксилинқилобий махфий ташкилотини тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилиб, сургун ва энг оғир жазо - отишга ҳукм қилиниб, отилган ва мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.
Марказий Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 25 январдаги баёнига кўра, Мансурбеков Мухаммад Содиқ ва бошқалар (жами 5 киши) Ўзбекистон ССР ЖКнинг 67 ва 78-моддалари, аксилинқилобий махфий ташкилотини тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли, деб топилиб, Ўрта Осиёдан сургун қилиниб, мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.
Марказий Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 19 мартдаги баёнига кўра, Сафаров Тоғай Амин ва бошқалар (жами 12 киши) Ўзбекистон ССР ЖКнинг 67 ва 78-моддалари, аксилинқилобий махфий ташкилотини тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли деб топилиб, Ўрта Осиёдан сургун қилиниб, мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган.
Россия Федератив Совет Социалистик Республикаси Олий Инқилобий трибунали Туркистон Совет Республикаси Марказий Ижроия қўмитасининг 1921 йил 23 декабрдаги ҳукмига кўра, Шариф Ходжаев Садриддин Хон ва бошқалар (5 киши) Ўзбекистон ССР ЖКнинг 67 ва 78-моддалари, аксилинқилобий махфий ташкилотини тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айбли, деб топилганлар.
Суд жараёнида мана шу шахсларнинг барчаси оқланди. Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.
Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди.
Н.Абдураимова, ЎзА