Мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб биринчилардан бўлиб фермер хўжалигини ташкил этдим.
Фермерлик ҳаракатини бошлаган йилларим биргина йўналишда фаолият кўрсатган бўлсам, бугунги кунда 6 йўналиш бўйича фаолият кўрсатаяпман. Яъни, кўп тармоқли фермер хўжалиги ҳисобланаман.
Мамлакатимизда биз фермерларга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитлар натижасида пахта–ғалла экишдан ташқари, боғдорчилик - олма етиштириш ҳисобидан бир йилда қарийб 90 миллион сўм даромад кўраман.
Бундан ташқари, қорамолчилик, паррандачилик ва сабзавотчилик соҳаларини ривожлантириш орқали миллионлаб даромад олаяпмиз.
Куни кеча ижтимоий тармоқда ўттиз йилда ҳам косаси оқармаган ўзбек фермери, деган мақолани ўқиб ўйлаб қолдим, ушбуни ёзган кишига қарата айтмоқчиман, келинг, биз фермерларга яратилган шароитларни кўринг, фермерларимиз қўша-қўша машиналар олаяпти, тўйлар қилаяпти, керак бўлса ижтимоий соҳаларни ҳам ривожлантириб, боғча ва сервис хизматларини йўлга қўйганини бир кўринг демоқчиман.
Ушбу ишларнинг барчасини фермер, яъни мулкдор бўлиб, ердан даромад олиб қиляпмиз. Қўшимча тармоқлар очиб, қишлоққа саноат олиб киряпмиз. Кўплаб янги иш ўринларини яратяпмиз.Чунки, юртимизда бу ишларни амалга ошириш учун биз фермерларга имтиёзлар яратилган.
Бу йил 80 тоннадан зиёд ғалла ўз ихтиёримда қолди. Мен ушбу ғаллани бозор нархларида сотдим. Бу ҳам биз фермерларга берилган субсидия, десам адашмайман.
Хуллас, юртимизда ишлаган, имкон қидирган одам борки, у хоҳ фермер ёки деҳқон бўлсин, хоҳи тадбиркор, даромад топяпти, шунинг орқасидан орзу-ҳавас кўряпти.
А.Эшматов,
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Анвар” фермер хўжалиги раҳбари.