Гулистон давлат университетида янги ўқув йили анъанавий тарзда Мустақиллик дарси билан бошланди. Бу галги машғулот “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Бўлар экан-ку ёхуд кечанинг бугундан фарқи нимада?” мавзусига бағишланди.
Дарс жараёнида профессор, фалсафа фанлари номзоди Равшанбек Маҳмудов талабаларга юртимиз мустақиллиги йўлида босиб ўтилган қийин ва шарафли синовлар, миллий қадриятларимиз ва аждодлардан мерос маънавий анъаналар ҳақида атрофлича маълумот берди. Унинг таъкидлашича, мустақиллик дарслари фақат тарихий воқеаларни эсга олиш билан чекланмайди, балки ёшларнинг онги ва қалбида Ватанга муҳаббат, халқ ва миллат олдида масъулият ҳиссини уйғотишга хизмат қилади.

– Энг асосийси, бу дарслар ёшлар онгида мустақиллик – фақат давлат рамзлари ёки тарихий сана эмас, балки ҳар бир инсон ҳаётидаги фаол ҳаракатлар, тўғри қарорлар ва масъулият туйғуси эканини англатиши лозим, – дейди профессор. – Ёшлар шу орқали “Бўлар экан-ку” деган ҳаётий тафаккурни ривожлантириб, кечанинг бугундан нимаси билан фарқ қилишини англайдилар.

– Мен учун университетдаги илк мустақиллик дарси катта сабоқ бўлди, – дейди биринчи босқич талабаси Низомиддин Мелиев. – Унда ҳар бир фикр юрагимга жойлашди. Айниқса, мустақиллик – бу тарихий сана эмас, балки ҳар биримиз учун масъулият эканини англадим, – деди у.

Дарс якунида талабалар бу каби маърифий суҳбатлар уларни янги Ўзбекистонни бунёд этишда фаол фуқаро сифатида шаклланишларида ёрдам беришини таъкидлашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири