Мустақиллик – энг улуғ ва энг азиз неъмат
Бугун юртимиз озодликка эришганига, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритганига 31 йил тўлди. Ҳар бир миллат ва халқ учун энг муқаддас қадрият, бу шубҳасиз, мустақилликдир. Бу қанчалар олий неъмат, бахт эканлигини қарам, мутелик остидаги давлатлар тақдирини кузатиб амин бўласиз.
Ўзбекистон мустақиллиги халқимиз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берди. Ушбу қутлуғ сана ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётида ўзига хос ўрнига эга.
Айни дамда мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида байрам шукуҳи ҳар бир ташкилот, ҳар бир хонадонда кезиб юрибди.
Сана муносабати билан Тошкент шаҳар божхона бошқармасида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида "Мустақиллик – энг улуғ ва энг азиз неъмат" мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Тадбирда Ватанимиз мустақиллиги тарихи, бугунги фаровон кунлар мавзусида маърузалар тингланди.
–Мамлакатимиздаги бунёдкорлик, жўшқинликнинг асосий сабаби, энг аввало, мустақиллик берган ҳуқуқ ва эркинлик ҳамда барча соҳаларда амалга оширилаётган оқилона ислоҳотлар самарасидир, – дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов. – Энг муҳими юртимиздаги ўзгариш халқимиз онгида рўй берди. Ўтган йиллар давомида сингдирилган мустабид тузумнинг сохта ғояларига бўлган ишонч емирилди. Халқимиз дунёқарашида мустақиллик туйғуси, эрк ҳиси чуқур илдиз отди. Юртимизда бутун бошли янги авлод – истиқлол фарзандлари етишиб чиқди. Бугун биз эришган ва эришажак юксак марралар, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир. Шу боисдан, мустақиллик байрами ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида юртимиз бўйлаб кенг нишонланади.
Энг муҳими ҳар йилги байрам тадбирлари ўзгача маъно-мазмун касб этадиган шиор остида нишонланади. Бу йилги байрам Президентимиз қарори билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этгани алоҳида эътибор ва эътирофга лойиқ.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА