Мустақиллик байрамини янги бинода нишонлашади
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тўйи арафасида Асака туманидаги Бирдамлик ҳамда Ниёзботир маҳалла фуқаролар йиғинларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Туман ҳокими Мансурбек Алихонов, сектор раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳаллаларнинг янги идораси очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун мослаштирилган янги бинолар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги таъкидланди.
Маҳалла фуқаролар йиғини идораси давлат шерикчилиги асосида тадбиркор Эркинжон Расулов томонидан барпо этилди. Қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу ерда чевархона ва фитнес клуб ҳам қад ростлайди. Уларнинг ишга тушиши билан ўнлаб янги иш ўрни яратилади.
– Ҳозирда 4,5 минг нафарга яқин аҳоли яшайдиган маҳалламизнинг идораси таъмирталаб бўлиб қолган эди, – дейди Бирдамлик МФЙ раиси Баҳодиржон Қўшоқов. – Ҳукуматимизнинг эътибори, туман ҳокимлигининг кўмаги билан маҳалла идораси учун янги бино қуриб берилганидан жуда хурсандмиз. Раис, ўринбосарлари, профилактика инспектори учун алоҳида-алоҳида хоналар мавжуд бўлган бинода самарали фаолият юритиш учун зарур барча шароит яратилган.
Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан маҳалланинг янги биносига мебеллар, шунингдек, компьютер жамламаси ҳамда бошқа зарур жиҳозлар топширилди.
[gallery-3666]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА