Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими (PhD) Ойсара Мадалиева Алишер Навоий “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг шоир ҳаётлиги даврида кўчирилган, таркиби навоийшуносликка ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган нусхасини аниқлади.
Алишер Навоий таваллуднинг 580 йиллиги арафасидан бугунги кунга қадар бўлган давр навоийшунослик, хусусан, Навоий лирик меросини ўрганиш манбалар учун ғоят самарали бўлди.
Алишер Навоий томонидан тартиб берилган дастлабки девон “Бадоеъ ул-бидоя”нинг шоир тириклиги чоғида кўчирилган бир неча қўлёзмалари фанга маълум бўлиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Профессор Ҳ.Сулаймонов илмий изланишлари орқали “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг муаллиф ҳаёт вақти китобат қилинган тўртта нусхаси маълум эди. Сўнгги беш йиллар ичида филолгия фанлари доктори А.Эркинов, филолгия фанлари номзоди А.Турдиалиев ва филолгия фанлари номзоди С.Болтабоев каби олимлар томонидан ушбу девоннинг Навоий вафотига қадар кўчирилган яна уч нусхаси навоийшуносликка олиб кирилди.
Шу муносабат билан ҳозирда дунё фондларида “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг Навоий кўзи очиқлигида кўчирилган еттита қўлёзмаси сақланаётгани аниқланиб, улар устида турли тадқиқотлар амалга оширилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Эрон Ислом Республикасининг Машҳад шаҳрида жойлашган Китобхонаи Остони Қудси ташкилоти ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. Бунинг натижасида Эрон томонидан Ўзбекистонга Навоий девони электрон нусхаси тақдим этилди.
Навоийшунос олима Ойсара Мадалиева аниқлашича, айни қўлёзма “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг 1491 йили китобат этилган нусхаси бўлиб чиқди. Қўлёзма Темурийлар даври машҳур хаттоти Дарвеш Муҳаммад Тоқий томонидан Ҳиротда кўчирилган экан. Мазкур маълумот навоийшунослик учун катта янгилик бўлиб, бу қўлёзма Навоий кўзи очиқлигида кўчирилган “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг яна бир – саккизинчи нусхаси сифатида катта илмий аҳамитяга молик. Муҳим жиҳатларидан яна бири унинг 1491 йили Ҳиротда китобат қилинганидир. Мана шу даврда Навоий Ҳиротда бўлган ва “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг мазкур нусхасини кўрган бўлиши эҳтимоли катта.
Алишер Навоий “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг шоир ҳаётлиги даврида кўчирилган саккизинчи қўлёзмасининг шу кунларда аниқланиши мустақиллигимизнинг 31 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Афтондил ЭРКИНОВ,
Филология фанлари доктори.
ЎзА