Мустақил таълим муаммолари ва ўзига хос ечимлар
Олий таълим тизимида мустақил таълим талабаларда танқидий ва ижодий фикрлаш, тизимли таҳлил қилиш, ўқув жараёнида талабаларда ташкилотчилик қобилияти, компетенцияларни кучайтиришга қаратилган методика ва технологияларни жорий этиш замон талаби ҳисобланади.
Мустақил таълим талабаларда тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантиради. Ўз тадқиқотларини тенгдошлари билан муҳокама қилиш орқали танқидий фикрлаш кўникмалари ҳам ривожланади. Талабалар фанга тегишли билимларни 40-50 фоизини бевосита мустақил ўрганиш орқали ўзлаштиради. Мустақил таълим ўқувчиларга табақалаштирилган топшириқлар бериш имконини ҳам беради.
Мустақил таълим индивидуал ёндашув, академик танловнинг хилма-хиллиги билан талабани кўпроқ жалб этади. Мустақил изланиш натижасида турли манбалар билан танишиш талаба дунёқараши ривожланишига хизмат қилади. Ташаббускорлик кўникмалари шаклланади. Шунингдек, мустақил ўқиш муаммолар ечими бўйича жамоавий муҳокамаларда етакчи мавқени эгаллаш учун замин яратади. АҚШда талабалар ишлаб чиқилган мустақил иш натижалари амалиётда фойдаланилганлик даражаси инвентаризация қилинади. Шунингдек, “кейслар тўплами усули” кенг фойдаланилади. Мазкур метод педагогик билимларни ўқитувчи томонидан қандай қўлланилиши ва мантиқий фикрлашга ўргатади. Ушбу ўқитиш усулларини амалга татбиқ этишдан мақсад, талабаларда танқидий фикрлаш кўникмасини шакллантиришдир.
Олий таълим тизимининг барча босқичларида илмий тадқиқот университетлари моделига ўтиш ва илмий тадқиқот олиб боришга эътибор қаратилган. АҚШ университетлари ҳозирги кунда йирик лойиҳаларини амалга оширмоқда. Улар турли фондлар ва бюджет томонидан молиялаштирилган бўлиб, турли хил ишлаб чиқариш корпорациялари билан яқиндан боғланган. Германия, Япония, Франция ва бошқа саноати ва интеллектуал билимлари ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро самарали алоқадорлиги профессионал таълим тизимини устувор ва фойда келтирувчи иқтисодий тармоққа айлантирган. Буюк Британияда эса мустақил таълим тизимидан фойдаланиб билим олишга қизиқиш 39,7 фоизни ташкил этади. Бу профессор ўқитувчига ҳам масъулият юклайди. Талабани тажрибалар ўтказишга қизиқтиради.
Россиядаталабаларнинг мустақил таълимни амалга оширишга мотивациянинг камлиги, бажарилган мустақил таълим натижаларига эътиборсизлик, мустақил таълим хажми бўйича тизим мавжуд эмас. Талабалар мустақил таълимни асосан фан ўқитувчиси билан маъруза, амалий ва лаборатория машғулотлари давомида тайёрлайди. Бу талабанинг тўлақонли мустақиллигини таъминламайди. Талабаларнинг мустақил ўрганишга мотивацияси камлиги энг аввало у келажакдаги касбий фаолият бўйича якуний тўхтамнинг мавжуд эмаслиги натижасида ўз йўналиши бўйича касбий фаолиятга тайёрланиш учун эҳтиёж кам. Айниқса, биринчи курс талабалари мустақил таълим ҳақида маълумотга эга эмас. Бунинг асосий сабаби эса умумтаълим мактабларида мустақил таълим ҳақида фундаментал тушунча берилмаслиги билан боғлиқ. Мустақил таълимга психологик тайёргарликнинг йўқлиги, илмий адабиётлар билан ишлаш кўникмаларининг етишмаслиги, ўқув фанларига когнитив қизиқишнинг мавжуд эмаслиги асосий муаммолардандир.
Мустақил иш мавзулари аниқ тадқиқот ёки муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган бўлиши лозим. Аммо бугунги кунда фанлар бўйича мустақил иш мавзулари мақсадсиз ёки маълум муаммони ҳал қилишга йўналтирилмаган. Шунингдек, талабаларнинг хорижий тилни ўзлаштириш даражаси пастлиги соҳа бўйича энг сўнги маълумотлардан узилиб қолишга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, талабаларда академик тадқиқот иши тайёрлаш бўйича билим бакалавр даврида берилмайди. Бу эса илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш кўникмаларига салбий таъсир қилмоқда. Мустақил иш мавзуларини беришда талабанинг психологик ва физиологик имкониятларини ҳам инобатга олиш лозим. Мустақил ишни баҳолаш тизимида ҳам муаммо мавжуд. Шу билан бир қаторда тескари алоқа тизими етарли даражада ишламайди. Яъни талаба томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда ўқитувчи ва талаба фаолияти кўзга ташланмайди. Ўқитувчининг вазифаси талабани баҳолаш билан якунланади. Бу эса талабанинг мотивациясини ўлдиради.
Мустақил иш нафақат талаба, балки ўқитувчини ҳам ишлашига олиб келиши лозим. Ўқитувчи фақат шахсий тажрибаси ёки билимлари доирасида эмас, балки фаннинг долзарб масалалари тўғрисида кўпроқ маълумотга эга бўлиши керак. Индивидуал ностандарт топшириқлар яъни казус технологиясининг таълим тизимига тўлиқ жорий этилмаганлиги мустақил таълим самарадорлиги пасайишига олиб келмоқда. Хулоса чиқариш ва уни таҳлил қилиш бўйича кўникмалар етишмайди.
Мустақил таълим самарадорлигини оширувчи ягона йўл унинг бевосита касбий фаолият билан боғлаш ҳисобланади, касбий фаолиятда учраши мумкин бўлган муаммоларга талабаларни чиниқтириш зарур. Аммо мустақил ишни бажаришга зарурий фундаментал адабиётлар етишмаслиги, ўқитувчиларнинг мустақил иш учун фақат умумий масалаларни белгилаш давом этмоқда. Ўқув жараёнида мустақил ишни бажариш давомида олинган билим касбий кўникмаларни мустаҳкамлаш имконини беради.
Фан юзасидан баҳолаш мезонлари мустақил таълим самарадорлигига ва амалиётга жорий қилиш даражасига қараб белгиланмаган. Мустақил таълимни баҳолаш ва топшириқларни сифатли даражада қабул қилишга ўқитувчилар масъулиятсизлик билан ёндашади. Мустақил таълимни баҳолашда ўқитувчи талабанинг фақат конспектига ёки асосан оғзаки жавобига эътибор қаратади. Бунинг асосий сабаби “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 26 сентябрдаги 3069-сонли буйруғида мустақил таълим рейтинг тизими таркибида маъруза ўқитувчи ёки семинар ўқитувчи томонидан олиниши қатъий белгиланмаган. Амалда бу жорий назорат даврида семинар ўқитувчи томонидан олинади. Қарорнинг 15-бандида баҳолаш мезони кўрсатилган. Аммо ушбу мезон талабани билиш кўникмаларини ривожлантиришгагина хизмат қилади. Мустақил таълим тизимининг ҳуқуқий механизми ҳам аниқ эмас. Аслида хар бир соҳа йўналишидан келиб чиқиб, баҳолаш мезонлари индивидуал ишлаб чиқилиши лозим. Биргина педагогика йўналиши талабаларига ўқитувчи касбига қўйиладиган талаблар, кўникмалар, қадриятлар, компетентлик ҳам бошқа касблардан фарқли эканлигини ҳисобга олиш лозим. Ушбу баҳолаш мезони бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Талаба билими ва кўникмаларини хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда алоҳида баҳолаш мезонлари йўқ. Энг асосийси эса мустақил таълимни назорат қилиш механизми кўрсатилмаган.
Ўқув юкламасида мавжуд мустақил таълим учун ажратилган соатлар қоғозда бор амалда фойдаланилмайдиган ўлик астрономик соатлар ҳисобланиб, ушбу соатларни академик соатларга айлантириш учун мавжуд талабаларда ҳам профессор ўқитувчида ҳам вақтни тўғри тақсимлаш кўникмаларини ривожлантириш лозим.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, айни вақтда педагогика олий ўқув юртларида ўқиш самарадорлигининг пастлиги қуйидаги омиллар билан боғлиқ эканлиги аниқланди. Мавжуд ҳуқуқий механизмнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, педагогика йўналишларини баҳолаш мезонлари ва назорат қилиш механизми бўйича алоҳида тизим мавжуд эмаслиги, мустақил таълим касбий хусусиятлар билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилинмаслиги. Бундан ташқари, педагогика олий ўқув юртлари талабаларига мўлжалланган ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ вазият ёки муаммоли вазиятлар ечимига қаратилган ўқув адабиётлари, профессор ўқитувчилар ва талабаларда вақт билан ишлаш кўникмасининг йўқлиги, дарслар ҳали ҳам анъанавий усулларда ташкил этилиб тескари алоқа усули ишламаслиги, мактаб – педагогика олий ўқув юртлари ўртасидаги мавжуд норматив ҳужжатлар мажбуриятларни аниқ юкламаслиги, самарали алоқа механизми бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги асосий тўсиқдир.
Музаффаржон Мансуров,
А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот
институти етакчи илмий ходими.
ЎзА