ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Оила институтини мустаҳкамлашда ҳамкорликдаги янгича ёндашув” мавзусида форум бўлиб ўтди.
Тадбирда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари, фалсафа фанлари доктори, профессор Мукаррам Нурматова, қўмита бошқарма бошлиғи Раҳимахон Мирҳолиқова, вилоят ҳокимининг ўринбосари Динара Ёқубова ҳамда қатор идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Дастур доирасида оилавий муносабатлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, эрта никоҳ ва ажримларнинг олдини олиш, репродуктив саломатлик ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
Иштирокчиларга жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Адлия, соғлиқни сақлаш, таълим, ички ишлар, ёшлар ишлари ва миграция идоралари вакиллари ўз йўналишлари бўйича тақдимотлар қилди.
[gallery-25807]
“Қизларни олий таълимга жалб этиш ва эрта никоҳнинг олдини олиш”, “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касб-ҳунарга ўқитиш”, “Оилада соғлом муҳитни шакллантиришда ҳамкорлик асосидаги ишлар” каби мавзуларда фикр алмашилди.
Форумда мутасаддилар оилавий муаммоларни ҳал этишда соҳалар ўртасидаги узвий ҳамкорликни кучайтириш, ҳар бир туман ва маҳаллаларда профилактик тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олди.
Оилавий ажримларни камайтиришда фаоллик кўрсатган қатор ҳудуд вакиллари ташаккурнома билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА