Мустаҳкам оила – жамият пойдевори
Сирдарё вилояти божхона бошқармасида Гулистон шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Н.Тожибоева, вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ж.Ҳотамов, Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари А.Пайзиева, Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди Раиси К.Намазов, Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири Г.Расулова, бошқармада хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда бошқармага бириктирилган Гулистон шаҳридаги 9-сон умумтаълим мактабининг битирувчи синф қизлари иштирокида семинар ўтказилди.
Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари Н.Тожибоева ҳозирги кунда аёллар ўртасида жиноятчилик ва оилавий ажримлар кўпайиб бораётганлиги сабабли низоли оилалар билан алоҳида тизим орқали ишлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ўз фикрларини билдирди. Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон манфаатларини таъминлаш баробарида, оилаларимизни янада мустаҳкамлаш, ёшларни оилага тайёрлаш, никоҳдан ўтиш, ажримларни олдини олиш, шунингдек, оилавий ҳаёт психологияси масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги билдириб ўтилди.
Семинар қизғин музокараларга бой бўлди. Ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутасаддилардан батафсил жавоб олди. Келгусида бу каби учрашувларни мунтазам ўтказишга келишилди.


Ш. Суяров, ЎзА