Мустаҳкам дўстлик, стратегик ҳамкорлик...
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабати туркий дунё бирлигига хизмат қилади
“Халқаро минбар” лойиҳасида озарбайжонлик журналист Ҳикмет Аҳмедовнинг таҳлилий мақоласи тақдим этилмоқда.
Сўнгги йигирма йил давомида Озарбайжон ўз олдига қўйган барча мақсадларга эришиш йўлида келажакка йўналтирилган муваффақиятли ички ва ташқи сиёсат олиб бориб, барча давлат ва халқлар билан тинч-тотув, дўстликда яшаш ниятини қатъият билан эълон намоён қилди. Энг нуфузли халқаро ташкилотларда вакили бўлган мамлакатимиз мавжуд алоқаларни кенгайтириб, кўп қиррали ҳамкорликка айлантириш йўлида фаол иш олиб бормоқда.
Озарбайжон ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон муҳим ўрин эгаллаган. Кейинги йилларда Марказий Осиёнинг энг йирик, жадал ривожланаётган давлати билан алоқа икки ва кўп томонлама асосда изчил кенгаймоқда.
Озарбайжон ва Ўзбекистонни кўп асрлик алоқалар, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва жамиятлар хоҳиш-истаги бирлаштирган. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабат 1995 йил 2 октябрда ўрнатилган бўлса-да, тарихи, дини ва маданияти, илдизи муштарак халқларимиз ўртасида қадим, анъанавий дўстлик, қардошлик риштаси мавжуд. Ўзбекнинг забардаст мутафаккири Алишер Навоий ижодининг гултожи – “Хамса”ни буюк Низомий Ганжавийдан илҳомланиб ёзгани бежиз эмас. Тошкент ва Боку шаҳарларида бу икки аждодимиз ҳайкаллари ўрнатилгани, пойтахтлардаги кўчаларга номлари берилгани, Озарбайжон пойтахти кўчаларидан бири жаҳонга машҳур астроном Мирзо Улуғбек номи билан аталгани тарихий ўзаро ҳурматнинг ёрқин намунасидир.

Бокудаги Ичеришеҳерда жойлашган, XV асрга оид Бухоро карвонсаройи Осиёдан келган савдогарлар томонидан қурилган. Озарбайжон файласуфи, шоир, атоқли дин арбоби, асли қорабоғлик XVI-XVII асрларда яшаб ўтган Юсуф ибн Муҳаммаджон Қорабоғийнинг қабри Самарқандда экани муносабатларимиз бой ўтмишидан, ХV асрдаёқ савдо алоқаси, илмий алмашинув мавжуд бўлганидан далолат.
Ўтган аср 30-йилларидаги оммавий қатағон даврида ўн минглаб озарбайжонлик ўзбек заминидан бошпана топган. 1966 йил апрель ойида Тошкентда содир бўлган даҳшатли зилзиладан кейин озарбайжонликлар шаҳарни тиклашда бевосита иштирок этган. Бугунги кунда 70 мингга яқин озарбайжон турли жабҳаларда ўзбек жамияти тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Тан олиш керак, сўнгги йилларда Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлиги мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилди.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқи номидан туҳфаси – ўтган йил 23 август куни Фузулий шаҳрида бунёд этилган Мирзо Улуғбек номли умумтаълим мактаби халқларимиз биродарлиги рамзига айланди.
Икки Президент ўзаро ташрифлардан ташқари турли халқаро тадбирлар доирасида тез-тез учрашиб туриши бежиз эмас. Зеро, айнан давлат раҳбарларининг асрий дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги қатъий сиёсий иродаси, яқин дўстлиги умумий тараққиётимизни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
2022 йил Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатини ривожлантириш нуқтаи назаридан жуда самарали келди. Илҳом Алиев ўша йили Ўзбекистонга уч бор ташриф буюргани Озарбайжон Президенти томонидан қардош мамлакат билан ҳамкорликни ривожлантиришга беқиёс аҳамият берилаётганидан далолат.

Ўша йилги бир ташриф чоғида Тошкент шаҳри марказида умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев хотирасига бағишланган бурчак очилиши ўзбек халқининг Озарбайжон буюк йўлбошчиси хотирасига чинакам қардошлик меҳри ифодасидир.
Умуман, икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари доирасида эришилган келишувлар ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб бермоқда.
Озарбайжон ҳам, Ўзбекистон ҳам иқтисодий жиҳатдан туркий дунёда қудратли давлатлар саналади. Маълумки, транспорт соҳаси туркий давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда устувор аҳамият касб этади. Шу боис ўта муҳим йўлакларда жойлашган мамлакатларимиз бу борада фаол ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, Озарбайжонда транспорт-логистика инфратузилмаси такомиллаштирилиб, мамлакат халқаро тармоққа интеграциялашмоқда. Натижада республикамиз орқали Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистондан юк ташиш кўлами муттасил кенгаймоқда. Президент Илҳом Алиевнинг 2022 йил июнь ойидаги давлат ташрифи чоғида имзоланган “Озарбайжон Республикаси Ҳукумати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида халқаро автомобиль ташуви тўғрисида”ги Битим бу борада алоҳида аҳамият касб этади.
Давлат раҳбарлари ушбу ташриф давомида эътибор қаратган асосий масалалардан бири маданият соҳаси бўлди. Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг бир гуруҳ маданият арбоблари давлат раҳбарлари фармойиши билан юксак фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлангани фикримиз исботидир. Ўтган йил август ойида эса Бокуда Ўзбекистон маданияти кунлари тантанали руҳда ўтказилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 22-23 август кунлари Озарбайжонга давлат ташрифи қардош мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очди. Ушбу ташриф доирасида имзоланган ҳужжатлар, йўл хариталари стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Президентининг озод қилинган ҳудудлар – Фузулий ва Шушага ташрифи амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари қардош мамлакат томонидан қўллаб-қувватланаётганининг амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон етакчиси Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) норасмий саммитида иштирок этиш учун жорий йил 5-6 июль кунлари ҳам Озарбайжонга ташриф буюрди.
Хулоса шуки, муштарак илдизга, кўп йиллик тарихга асосланган Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатлари бугунги кунда замонавий давр воқелигига мос равишда жадал ривожланмоқда. Икки давлат ўртасида бугунги кунга қадар имзоланган 170 дан зиёд ҳужжат, жумладан “Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларация” мавжуд ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди. Озарбайжоннинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан кун сайин мустаҳкамланиб бораётган алоқалари нафақат мамлакатларимиз ва халқларимиз, балки бутун туркий дунё тараққиётига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ишончимиз комилки, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган, асрлардан буён давом этиб келаётган дўстлик, қардошлик изчил ривожланиб, элларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА