Мустақиллик ёшларга улкан имкониятлар эшигини очди
Андижон шаҳридаги “Қурувчи – 97” хусусий корхонасини бир неча йилдирки ёш, ташаббускор Дилноза Тўланова бошқариб келади.
Андижон шаҳридаги “Қурувчи – 97” хусусий корхонасини бир неча йилдирки ёш, ташаббускор Дилноза Тўланова бошқариб келади. Шижоатли ёш раҳбар мактабни фақат аъло баҳоларга, Андижон машинасозлик институтини қизил дипломга тамомлаган.
Онаси Қумрихон Каримова педагог бўлгани учун институтни тамомлаганидан сўнг қизини ҳам шу соҳада ишлашини истаган эди. Бироқ Дилнозанинг ота касби – қурувчиликка бўлган қизиқиши устун келиб, 2013 йилдан буён қурилиш соҳасида фаолият юритади.
Ўтган йиллар давомида корхона қурувчилари томонидан ўнлаб умумтаълим мактаблари, боғчалар, кўп қаватли, намунали лойиҳалар асосидаги уйлар ҳамда бошқа қатор объектлар барпо этилди. Энг асосийси, ана шу объектлар ўзига хос қиёфаси, сифати, пишиқ-пуҳта барпо этилганлиги билан барчага бирдек манзур бўлди, қолаверса, шаҳар ва қишлоқлар кўркига кўрк қўшди. Умуман, кейинги икки йилда корхона қурувчилари томонидан Қўрғонтепа тумани Дардоқ массивида 10 та намунали лойиҳалар асосидаги уй, Пахтаобод тумани Гулистон массивида 24 квартирали кўп қаватли уй, шунингдек, 6-мактабгача таълим ташкилоти барпо этилган бўлса, 19-умумтаълим мактаби капитал таъмирланди.
Жорий йилда корхона қурувчилари Хўжаобод тумани Иттифоқ массивида барпо этилаётган микромассивда бир, икки ва уч хоналардан иборат 5 қаватли уй қурмоқда. Ҳудудда бир неча босқичда 35 та, биринчи босқичда 330 квартирали 11 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда қурилиш ишлари авж паллага кирган.

Ҳаво иссиқ бўлса-да, адир ҳудудидаги қурилиш майдонида ишлар жуда қизғин. Массивдаги қурилиш штабидан “Қурилиш – 97” хусусий корхонаси объектини сўраганимизда мутасаддилар микромассивнинг энг юқорисида, томи ёпилаётган уй, дея жавоб беришди.
Техникалар тинмай ишлаётган қурилиш майдонларидан ўтиб, адирнинг энг юқорисидаги уй томон юрдик. Бу ерда барча ташкилотлар томонидан қурилиш ишлари бир пайтда бошланган бўлса-да, қайсидир уйнинг учинчи, бошқасининг тўртинчи қавати кўтарилаётган бир вақтда “Қурилиш – 97” корхонаси қурувчилари уйнинг томини ёпаётгани эътиборимизни тортди. Бу, албатта, ишларнинг тез ва самарали олиб борилаётганлигидан даракдир.
Бир гуруҳ қурувчилар бино томини ёпиш ҳаракатида, яна бир гуруҳи ташқи фасадга ишлов бермоқда, ичкари хоналарда эса пардозлаш ишлари авжида.
– Умумий лойиҳа қиймати 5 миллиард 863 миллион сўм бўлган мазкур объектда ишлар 90 фоиз якунига етказилди, – дейди “Қурилиш – 97” хусусий корхонаси раҳбари Дилноза Тўланова. – Ҳар бир ишнинг сифатли бажарилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Белгиланган ишларни ўз муддатида якунлаш учун ишчилар масъулият билан, сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Насиб этса, уйни яқин кунларда фойдаланишга топширамиз.
Дарҳақиқат, айни кунда 50 нафар доимий ишловчи ишчи-хизматчи, яна 50 нафар мавсумий ишчининг ҳар бири ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан бажармоқда. Жамият раҳбари эса аёл киши бўлишига қарамасдан ҳамиша қурувчилар орасида. Иш асносида қурувчилар билан суҳбатлашади, уларнинг кўнглини кўтаради. Раҳбарнинг ана шу эътибори, самимияти барчани самарали ишлашга ундайди.

– Уйнинг адир ҳудудида қурилаётгани қурувчи ва мутахассислардан катта масъулият талаб этади, – дейди Дилноза. – Чунки, тупроқнинг юмшоқлиги, ўтириб қолиш эҳтимоли юқорилигидан келиб чиқиб, бу борада қатор ҳорижий давлатлар тажрибасини ўргандик, қурилиш ишлари мазкур йўналишдаги илғор технологиялар асосида олиб борилмоқда, ҳар бир жараён мутахассислар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, корхонанинг малакали мутахассислари ишларнинг сифатли бажарилиши, барча жараёнлар белгиланган стандартлар асосида амалга оширилишини бевосита кузатиб боради.
Корхонада ишларни самарали ташкил этиш, қурувчиларга қулай шароитлар яратиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ишчи-хизматчилар махсус кийимлар билан таъминланган, иш жараёнида техника, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилинмоқда. Иссиқ овқат, дам олиш хоналари ташкил этилган. Ишчиларга ўз вақтида маошлари бериб борилиши эришилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда.
Шу ўринда алоҳида эътироф этиш керакки, корхона раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан корхонанинг ўзида шлакоблок, газаблок, акфа эшик-ромлар тайёрлаш цехларини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу, барпо этилаётган янги иншоотлар таннархининг янада арзон бўлишига хизмат қилади, албатта.
– Мустақиллик биз ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб берди, – дейди корхона раҳбари Дилноза Тўланова. – Айниқса, бугунги кунда мамлакатимизда биз ёшларга ўз салоҳиятимизни тўлақонли намоён этишимиз учун барча шароит яратиб берилмоқда. Ана шу имкониятлар самараси ўлароқ, мен каби кўплаб ёшлар қурилиш, ишлаб чиқариш, қўйингки, турли соҳаларда самарали фаолият олиб бормоқда. Юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Кўпчилик қурувчилик аёл кишининг иши эмас, деб ҳисоблайди. Мен бу фикрга асло қўшилмайман. Қурувчилик касбини танлаганимдан асло афсусланмайман. Шу касб ортидан, қолаверса, интилишим, меҳнатларим туфайли жамиятда ўз ўрнимни топдим, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлдим. Янада қувонганим, отамнинг касбини давом эттиряпман. Асли касби қурувчи-архитектор бўлган дадам Латифжон Режавалиев узоқ йиллар Пахтаобод тумани қурилиш ташкилоти раҳбари бўлиб фаолият юритган.
Дилнозанинг қўшимча қилишича, болалигидан отаси билан қурилиш майдонларига кўп борган. Техникаларнинг ишлашига қизиқиш билан қараб, кўркам, чиройли бинолар барпо этаётган қурувчиларга ҳавас қилган. Мана шуларнинг таъсири ўлароқ, йиллар ўтиб ўзи орзу қилган касбда ишламоқда.
Дилноза қурувчилик касбини танлаб асло кам бўлмади. Турмуш ўртоғи Дилмурод Тўланов ҳар бир ишда уни қўллаб-қувватлайди. Ҳозир улар уч нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказмоқда.
Ҳаётидан бахт топган, касби, юрти учун фидойи Дилноза Тўланова каби ёшларимиз бор экан, шубҳасиз, озод ва обод Ватанимиз янада гуллаб-яшнайди.