Мустақил суд – инвестор қалқони
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ўтган 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” шиори остида ўтди.
Инвесторларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам ҳимояда бўлган, уларнинг қонуний манфаатлари ва қонун устуворлиги суд томонидан сўзсиз таъминланган давлатда иқтисодиёт жадал равишда тараққий этади, бу эса ўз навбатида миллий иқтисодиётга хорижий инвестициялар оқимини салмоқли даражада ошишига олиб келади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ўтган 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” шиори остида ўтди. Барча соҳалардаги ижобий натижалар қаторида инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.
Хусусан, ўтган йил мобайнида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллиард долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етди.
2019 йил якуни бўйича республикамиз Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” (Doing Business) рейтингида дунёнинг 190 та давлатлари орасида 7 поғона кўтарилиб 69-ўринни эгаллади ва бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича 8-ўринни эгаллади ҳамда энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан ўрин олди.
“Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида “Шартномалар ижросини таъминлаш” индикатори бўйича Ўзбекистонни дунёнинг етакчи 20 та давлатлари қаторига киритишни ҳам таъминлаш зарур. Бунда мамлакатда одил судлов тизими муҳим аҳамият касб этиб, унинг сифатлилиги даражаси иқтисодий соҳадаги низоларни кўриб чиқишда суд жараёнининг шаффофлиги ва ишларни кўриб чиқиш самарадорлиги каби мезонлар орқали аниқланади.
Статистик маълумотларга назар соладиган бўлсак, ўтган 2019 йил даврида иқтисодий судларда 3 мингдан ортиқ чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ низолар ҳал этилган. Ушбу иқтисодий ишларнинг деярли ярми Тошкент шаҳар иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган.
Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий ривожланганлиги даражаси албатта ушбу мамлакатда инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг таъминланганлик даражаси билан чамбарчас боғлиқдир. Бугунги кунда мамлакатимизда инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминланишига қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида жуда салмоқли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу қонуннинг 61-моддасига мувофиқ давлат органларининг инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ёки чеклайдиган қарорлари, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.
Мазкур қонуннинг 63-моддасига кўра чет эл инвестициялари билан боғлиқ бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эллик инвесторнинг инвестиция фаолиятини амалга ошириши чоғида юзага келадиган низо (инвестициявий низо) музокаралар ўтказиш, ундан сўнг агар келишувга эришилмаса медиация йўли билан ҳал этилиши кўрсатилган. Музокаралар ўтказиш ва медиация йўли билан тартибга солинмаган инвестициявий низо Ўзбекистон Республикасининг тегишли суди томонидан ҳал қилиниши кераклиги мустаҳкамланган.
Шу билан биргаликда, мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшиланишига ва инвестициявий низоларни самарали ҳал этилишига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар мавжуд. Жумладан, инвестицияга оид низоларни суд томонидан ҳал этиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари етарли даражада ривожланмаган.
Яъни инвестиция фаолиятига алоқадор иқтисодий, фуқаролик, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар турли хил судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Иқтисодий соҳада юзага келадиган низолар иқтисодий судлар, фуқаролик, меҳнат ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ишлар бўйича судлар ва давлат органлари билан оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.
Бу эса ўз навбатида инвесторлар фаолиятига оид низолар бўйича қарорлар қабул қилишда турли хил суд амалиёти шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли, инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бўйича давлат тизимини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда келишилган.
Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида тарафлардан бири йирик инвестор бўлган инвестицияга оид низоларни кўриб чиқувчи Инвестицияга оид низолар бўйича суд таркибини ташкил этиш, инвестицияга оид низоларни кўриб чиқиш бўйича фавқулодда ваколатлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судига берилиши, Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриладиган ишлар бундан мустасно, таклиф этилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг асл моҳияти инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигига эришишдан иборат. Чет элдан инвесторни жалб этиш учун унга биринчи навбатда, қулай ишбилармонлик муҳити, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонуний кафолатлар яратиб бериш лозим.
Бу борада кўплаб хорижий давлатларда инглиз ҳуқуқи етакчи тизим сифатида кенг қўлланилиб келинмоқда. Илғор ривожланган мамлакатларда инвесторлар ўзи билган инглиз ҳуқуқи тизимида иш олиб боришни афзал кўришади. Инглиз ҳуқуқи бир неча давлатлар ҳуқуқ тизимининг энг афзал жиҳатларини ўзида жамлаган ҳуқуқ мажмуаси бўлиб, қўшма корхоналар тузиш, инвестиция киритишда ундан кўп фойдаланилади. Эгилувчанлик, шаффофлик, башорат қила олиш ва, энг муҳими, тезлик бу тизимнинг афзал жиҳатлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда инглиз ҳуқуқини жорий этиш учун дастлабки қадам сифатида хизмат қилади. Ушбу фармон билан Адлия вазирлигига “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инглиз стандартлари, тамойиллари ва нормалари асосида алоҳида ҳуқуқий режим ўрнатиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси топширилган.
Хитой, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур ва бошқа кўплаб мамлакатларда инглиз ҳуқуқидан фойдаланиш амалиёти кенг йўлга қўйилган. Жумладан, яқин қўшни давлат Қозоғистонда ҳам ички инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида инглиз ҳуқуқи тизимидан “Астана” халқаро молия маркази ҳудудида самарали қўлланилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 13-моддаси бешинчи қисмига асосан суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатларнинг ҳуқуқ нормаларини қўллайди. Кодекснинг 14-моддаси биринчи қисмида чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллашда суд ушбу нормаларнинг мазмунини уларнинг тегишли чет давлатда шарҳланишига ва амалда қўлланилишига мувофиқ ҳолда аниқлаши белгиланган.
Демак бундан кўриниб турибдики, республикамизда чет давлати ҳуқуқ нормаларини амалиётга жорий этиш учун миллий қонун ҳужжатларимизда етарли асос мавжуд бўлиб, чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ низоларни ҳал этишда суд амалиётини янада такомиллаштиришни замон талаб этади.
Мамлакатимизнинг хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 2 августдаги ПҚ-3895-сон қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат асосида республикамизнинг йирик шаҳарларида чет эл сармоялари иштирокида ишбилармонлик марказлари барпо қилинмоқда.
Хорижий давлатларнинг ўз ҳудудида инглиз ҳуқуқи тизимини жорий этиш бўйича илғор тажрибасини ўрганиб, ушбу тизимни Ўзбекистон ҳудудида, авваламбор эркин иқтисодий зоналар ва йирик шаҳарлар ичидаги замонавий ишбилармонлик марказлари ҳудудларида жорий этиш, шунингдек уларнинг резидентлари иштирокидаги иқтисодий тусдаги низоларни ҳал этиш учун чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўлловчи инвестицияга оид низолар бўйича судлар ташкил этиш таклиф этилади.
Ҳуқуқий тажриба сифатида биринчи навбатда “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида инвестицияга оид низоларни кўриб чиқувчи ихтисослаштирилган судни ташкил этиш ҳамда мазкур ҳудуд иштирокчилари томонидан тузиладиган ҳар қандай битимдан келиб чиқадиган низоларни инглиз ҳуқуқини нормалари асосида ҳал этиш имкониятини қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, судларни инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ва мустаҳкам ҳимоя қиладиган, иқтисодий соҳадаги ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантириш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Бунинг натижасида мамлакатимизда инвесторлар, шу жумладан, чет эллик инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг суд ҳокимиятига ишончини ошириш, бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда янада жозибадор инвестициявий муҳит яратишга ва “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида давлатимиз нуфузини тубдан оширишга туртки бўлиб хизмат қилади.
М.Муҳитдинов,
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги
Судьялар олий мактаби тингловчиси