Ватанимиз тарихидаги 10 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1401 йил (бундан 624 йил олдин) – Дамашқда муаррих ва файласуф Ибн Халдун бошчилигидаги вакиллар Амир Темур ҳузурига келишди. Соҳибқирон олимга мулозамат кўрсатиб, уни шахсан зиёфатга таклиф этган. Амир Темур иқтидорли таржимони орқали Ибн Халдун билан узоқ суҳбат қурган. Унинг Мағрибдаги каби Сеута ва Сижальмаса борасидаги фикрларини билишни истаб саволга тутган. Олимдан Мағрибдаги вазият ҳақида ёзма маълумот беришни сўраган. Шунингдек, Амир Темур Ибн Халдундан Ғарб ҳукмдорлари ва уларнинг сулолалари ва ҳаракатлари хусусида ҳам гапириб беришини сўраган.
1420 йил (бундан 605 йил олдин) – нақшбандия тариқати намояндаси Хожа Муҳаммад Порсо Мадина шаҳрида оламдан ўтди. Тадқиқотчи Гулдона Таниеванинг маълумот беришича, шайх ҳаж амалларини адо этгач, касалликка чалинади ва Мадинага етиб келиб вафот этади. Карвон аҳли жам бўлиб, жаноза намозини ўқийди ва шайхни Аббос мозори ёнига дафн этишади. 1419 йилнинг бошида ҳаж сафарига чиққан Хожа Муҳаммад Порсони то Маккагача турли қишлоқ, шаҳарларда уламолар, саидлар, шайхлар ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олган, бирга суҳбатлар ўтказган эди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Хожа Муҳаммадни Баҳоуддин Нақшбанд шогирдликка қабул қилган ва унга «порсо» (тақводор, диндор) тахаллусини берган. Нақшбанд вафотидан сўнг, унинг ўрнига тариқатга раҳбарлик қилган. Хожа Муҳаммад Порсо ўша даврдаги сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этган. Тасаввуф ва ислом тарихига оид йигирмадан ортиқ асар ёзган.
1527 йил (бундан 498 йил олдин) – Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонни қўлга киритгани шарафига катта зиёфат маросими уюштирди. Унга Кобул ва Самарқанддан, ҳатто собиқ рақиб – шайбонийлардан ҳам меҳмонлар таклиф қилинган эди. Шоҳона маросимда турли кўнгилочар ўйинлар (фил, туя ва қўчқор уриштиришлар) билан бирга полвонлар кураши ҳам уюштирилади ва ғолибларга мукофотлар берилади. Курашдан сўнг эса ҳиндистонлик афсунгарлар турли ҳунарлар кўрсатади.
1905 йил (бундан 120 йил олдин) – XX аср ўзбек адабиётининг ривожига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек дунёга келди (вафоти 1968 йил). У 2000 йилда (вафотидан сўнг) ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Ўзбек билим ҳайъати иш бошлади. Элбекнинг 1922 йилда чоп этилган “Ўзбек билим ҳайъатининг тузилиши ва ишлаган ишлари” номли мақоласида эътироф этилишича, бу ҳайъат “ўзбекнинг бутун илмий ишларини қарагучи ва қурултой ишларини амалга оширгучи бўлиб қоладир”.
1966 йил (бундан 59 йил олдин) – Покистон Президенти Муҳаммад Айюбхон ҳамда Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри томонидан «Жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, қўшинни қайтариш ва дипломатик алоқаларни қайта тиклаш» ҳакидаги Тошкент декларацияси имзоланди. Тошкент декларацияси Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларга тегишли бўлган муаммоли масалаларни ечиш учун амалий асос яратди. Декларация имзолангач, Ҳиндистон Бош вазири Шастри Тошкент шаҳрида тўсатдан вафот этди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1966 йил 4–10 январда Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги тинчлик битимини имзолаш учрашуви Тошкентда бўлиб ўтди. Гап шундаки, 1965 йил Кашмир ҳудуди хусусида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида илк бор юз бергаи йирик можаро жаҳон урушига айланиб кетиш хавфини туғдирди. Ўзбекистоннинг Ҳиндистон ва Покистон халқлари билан бўлган қадимги тарихий алоқалари, шу билан бирга, фақат бир давлат тарафини олувчи катта давлатлардан йироқдалиги, ушбу учрашувга бетарафлик муҳитини яратди.
Тошкентга музокаралар учун Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри ва Покистон Президенти генерал Муҳаммад Айюбхон етиб келди. Москвадан СССР ҳукумати бошлиғи Алексей Косигин бошчилигидаги делегация ҳам ташриф буюрди. Бу учрашувни уюштиришда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидов катта хизмат қилди. Бир ҳафталик оғир музокаралардан сўнг, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги уруш якунлангани ва улар ўртасида тинчлик эълон қилингани ҳакидаги битим имзоланди. У тарихга Тошкент декларацияси сифатида кирди.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “СССР Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари ва ўқув юртлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга биноан СССР Ички ишлар вазирлиги ички қўшинларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган қўшилмалари, алоҳида қисмлари ва бўлинмалари Ўзбекистон Республикасининг юрисдикциясига олинди ва республика Ички ишлар вазирлиги қарамоғига ўтказилди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Габон, Замбия, Италия Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини тан олди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Қирғизистон ўртасида Абадий дўстлик Шартномаси имзоланди.
2013 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан шаҳарлар ва туманлардаги ободонлаштириш масалалари бўйича ташкилотлар (бўлинмалар) қайта ташкил этилди ва уларнинг негизида ободонлаштириш бошқармалари тузилди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида катталик бирликларини қўллаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан Ўзбекистон Республикасида қўллашга рухсат берилган Халқаро бирликлар тизимининг катталик бирликлари, халқаро катталиклар тизимига киритилмаган катталик бирликлари, уларнинг номи ва белгиланиши, шунингдек, катталик бирликларини ёзиш ва қўллаш қоидалари тасдиқланди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат ўқ-гильзотекаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академияда дипломатик лавозимларга тайинланадиган номзодларни ўқитиш, шунингдек, айрим лавозимдаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхати тасдиқланди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади