Мусиқий танлов ғолиблари тақдирланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора -тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур ҳужжат доирасида мақом санъатини янада ривожлантириш ва замонавий бастакорлик ижодиёти анъаналарини кенг тарғиб қилиш, мақом намуналари асосида замонавий асарлар яратиш, шу йўналишда ижод қилиб келаётган композиторлар, бастакорлар ҳамда мусиқашуносларни кашф этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бу соҳадаги эзгу саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси томонидан Республика кўрик-танловлари ўтказилганди.
Жорий йилги танловлар 25-27 октябрь кунлари уч йўналишда - бастакорлар, мусиқашунослар ва композиторлар ўртасида ўтказилган эди.
Пойтахтимизда мазкур танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов миллий мақом санъатимизни ривожлантириш масаласи ҳозирги кунда янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Маросимда бастакорлар ўртасида “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар”, композиторлар ўртасида “Мақом йўлларида яратилган энг яхши камер асари", мусиқашунослар орасида яратилган “Энг яхши ўқув адабиёти” танлови ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири