Муштипар оналаримизнинг саҳнадаги сиймоси
Ўзбек оналарининг саҳнадаги образини яратишда таниқли санъаткор Манзура Ҳамидованинг ҳиссаси беқиёс эди. Бу йил Ўзбекистон халқ артисти Манзура Ҳамидова таваллудига 110 йил тўлди.

Манзура ая ижросидаги мушфиқ, мунис, меҳнаткаш, ҳаётнинг қанча-қанча қийинчиликларини бошдан ўтказган оналар сиймоси бувиларимиз, меҳрибон момоларимизни беихтиёр эслатади.
Ижод – инсон руҳиятининг бебаҳо олами, ижодкор эса ана шу оламни борлиққа тақдим этади.
Ўзбекистон халқ артисти Манзура Ҳамидова умрини ўзбек миллий театр ва телевидение санъатига бағишлаган ижодкор эди. У 1914 йил 8 март куни Тошкентда таваллуд топган. Дастлаб Тошкентдаги ишчи-ёшлар театри (1934-1936), сўнгра юртимиздаги бир қатор театр жамоаларида самарали фаолият кўрсатди.
Манзура ая Ҳамидова 1943 йилдан умрининг охиригача ҳозирги Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида фаолият юритган. 1969 йилда Ўзбекистон халқ артисти ва 1997 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Манзура ая Ҳамидова “Қовоқвой ва Чаноқвой”, “Фарзандим-жигарбандим”, “Эски жўва гаврошлари”, “Оқ кема”, “Чиранчоқ қуёнча”, “Тўрт эгизак”, “Қизил қалпоқча”, “Ўз уйингдасан”, “Ревизор”, “Кеча ва кундуз”, “Шум бола”, “Зумрад ва Қиммат”, “От кишнаган оқшомда”, “Ким айбдор?” каби кўплаб спектаклларда ёрқин образларни яратган ижодкор.
Манзура Ҳамидова ўзбек телевидениесида “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” лойиҳаларида ўзига хос унутилмас ролларни ижро этган эди. Саҳнага садоқатли бундай актрисаларнинг ижоди, фаолияти, ҳаёт йўли бугунги ёшлар учун чин маънода ибрат мактабидир.
Ҳозирда Маданият вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида август ойида Манзура Ҳамидова хотирасига бағишланган юбилей, туркум хотира тадбирлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА