Эзгу мақсадлар йўлидаги улкан ташаббус
Маҳаллаларнинг ўзини ўзи бошқариш институти сифатида ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга хизмат қилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида муҳим аҳамиятга эга масала – эзгу қадриятларимиз бешиги бўлмиш маҳалла институти фаолиятини янги босқичга кўтариш, жиноятчиликнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш борасидаги муштарак вазифаларни ҳамкорликда, бирдамликда амалга оширадиган тамомила янги тизим яратилиши тўғрисида хабардор бўлдик.
Йиғилишда “Нуроний” жамғармасининг фаолияти, кекса авлод вакилларининг оилаларни мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясидаги иштироки масалалари ҳам таҳлил қилинди.
Тан олиш керак, кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз томонидан жамғармамиз фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё этиб берилганига қарамай, фаолиятимизда қатор камчиликлар кўзга ташланаётган эди. Очиғини айтганда, бу нуқсонлар бошқа ҳамкор жамоат ташкилотлар фаолиятида ҳам кузатилаётганди.
Шу боис Юртбошимиз фаолиятимиз самарадорлигини ошириш юзасидан ташаббус билан чиқди. Яъни “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” марказини ягона кучли давлат ташкилоти – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигига бирлаштириш таклифи биз нуронийларнинг айни кўнглимиздаги ташаббус бўлди. Чунки шу пайтгача зиммамизга юклатилган вазифаларни бажаришда имкониятларимиз чекланган эди.
Янги ташкил этилаётган вазирликнинг вазифа ва ваколатлари ҳақида эшитиб, соҳага оид давлат сиёсатини юритишнинг самарали механизми яратилганини яна бир карра ҳис этдик. Чунки Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг самарали фаолият олиб бориши учун зарур шароитлар яратиш, қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифалардан ташқари, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш каби ишларни ҳам ўз зиммасига олмоқда. Энг муҳими, кексаларни қўллаб-қувватлаш масаласи энди “эгасиз” тизим бўлмайди. “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси маҳалла ва оила масалалари вазирининг кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттиради.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати туғилганди. Янги вазирлик кўҳна тарихга эга бўлган ва халқ бошқарувининг бетакрор институти, миллий менталитетимиз кўзгуси ҳисобланган маҳаллаларнинг том маънода “ўзини ўзи бошқариш институти” сифатида ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга кўмаклашувчи куч сифатида муҳим ўрин эгаллайди, албатта.
Таъкидлаш жоиз, ягона бир мушт сифатида мақсад ва вазифалари битта вазирлик тизимига бириктирилган жамоатчилик ташкилотларининг ҳар бири, жумладан, “Нуроний” жамғармаси ҳам илгари ўз ҳолича, алоҳида фаолият юритиб келаётган эди. Сир эмаски, бошқарув тизимида узоқ давом этган бундай амалиёт охир-оқибатда муштарак вазифаларни айрича адо этиб келган ташкилотлар фаолиятининг заифлашувига, ижро интизомининг бузилишига, такрорий топшириқлар сонининг ортишига, ажратилган вақт ва муддатнинг беҳуда сарфланишига, энг муҳими, сифат ва самарадорликнинг пасайишига олиб келди. Бундай кўнгилсиз ва кечирилмас ҳолатлар, таассуфки, “Нуроний” жамғармаси фаолиятида ҳам кўзга ташланди. Таклиф этилаётган янги тизим эса фаолиятимизни янгича босқичда такомиллаштириш ва мавжуд камчиликларни бартараф қилишга хизмат қилади.
Йиғилишда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалга ошириш ҳақида сўз борар экан, маҳаллаларда аҳиллик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик туйғуларини кучайтиришда кексалар тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, ёшларни Ватанга муҳаббат, кекса авлодга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаш, оилавий низоларни ҳал қилиш, ободончилик ишларига жамоатчиликни жалб этиш, тўй-маросимларни ихчамлаштириш, томорқалардан оқилона фойдаланиш борасида ҳам кексалар ибрати, ўзига хос мактаби бўлиши керак. Негаки, шиддат билан ривожланаётган ҳозирги мураккаб даврда, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашда ҳар бир кекса авлод вакили ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши талаб этилади. Шу нуқтаи назардан айтадиган бўлсак, мамлакатимизда бой ҳаётий тажрибаси, бошқаларга ибрати билан жуда катта кучни ташкил қиладиган уч миллионга яқин нуронийларимиз бор. Уларнинг кўмаги билан айни мактабни ярата олишимизга ишонаман. Бунинг учун бизда барча имконият ва шароит етарли.
Ҳа, олдимизга қўйилган вазифалар салмоғи улкан. Халқни рози қилишдек олий мақсад эса айни вазифалар ижросини масъулият билан ўз вақтида тўлақонли, сифатли ва мақсадли таъминлашимиз учун куч ва ғайрат бағишлайди. Зеро, давлатимиз раҳбари: “Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир” дея бизга катта ишонч билдирди. Бу юксак ишончни оқламасликка эса ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.