“Мурунтов”: юксалишнинг янги босқичи
Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар саноат тармоқларида мутлақо янги ёндашувларни шакллантирмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиётнинг тармоқларида рақамлаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва маҳаллийлаштириш даражасини юксалтириш бўйича белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Ана шундай корхоналардан бири мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч устунларидан саналувчи “Мурунтов” конидир.
Дунёдаги энг йирик очиқ усулда олтин қазиб олиш объектларидан бири сифатида эътироф этиладиган мазкур конда кенг кўламли модернизация жараёнлари амалга оширилмоқда. Геологик захиралардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш ва инсон капиталига сармоя киритилиши натижасида конда нафақат республика, балки халқаро миқёсда ҳам юқори самарадорлик кузатилмоқда.

– Коннинг энг катта бойлиги, аввало, унинг инсон капитали ҳисобланади, – дейди “Мурунтов” кони бошлиғи Нуриддин Камолов. – Бугунги кунда бу ерда 126 турдаги касб эгалари бўлган 3162 нафар маҳаллий мутахассис меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнларининг мураккаблиги муҳандислар ва ишчи-ходимлардан юксак малака ҳамда замонавий билимларни талаб этади. Шу боис кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизими доимий равишда такомиллаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда 97,85 миллион кубометр кон массаси қазиб олинган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 117,8 миллион кубометрга етди. 2026 йил учун эса 200,75 миллион кубометрлик режа белгиланган. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини қисқа вақт ичида қарийб икки баробар оширишга қаратилган улкан дастур изчил амалга оширилаётганини кўрсатади.

Қазиб олиш ҳажмларининг ўсиши бурғилаш ишларини ҳам янги босқичга олиб чиқмоқда. 2024 йилда 27 та бурғилаш ускунасида 2,8 миллион погон метр иш бажарилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 29 та ускуна ҳисобига 3,72 миллион погон метрга етди. 2026 йилда эса 38 та бурғилаш қурилмаси билан 7,79 миллион погон метр иш бажариш режалаштирилган. Бу юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни ошириш билан бирга, меҳнатга ҳақ тўлаш ва иш шароитларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
Портлатиш ишларида ҳам инновацион ёндашувлар кенг жорий этилмоқда. Карьер чуқурлашиб бориши билан тоғ жинсларининг хусусиятлари ўзгариши инобатга олиниб, ҳар бир бурғилаш қудуғи учун алоҳида заряд параметрлари ҳисоблаб чиқилмоқда. Натижада 2024 йилда 66,6 миллион кубометр, 2025 йилда 93,3 миллион кубометр кон массаси портлатилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткични 182,4 миллион кубометрга етказиш режалаштирилган. Индивидуал зарядлаш технологиялари энергия сарфини камайтириш, гранулометрик таркибни яхшилаш ва қазиб олиш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Қазиб-юклаш жараёнларида ҳам техник қайта қуролланиш изчил давом этмоқда. Бугунги кунда конда 37 та юқори қувватли электр ва 19 та гидравлик экскаватор самарали фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, таъмирлаш тизими тўлиқ модернизация қилиниб, капитал таъмирлаш муддати аввалги 90 кундан 20-25 кунгача қисқартирилди. Энг муҳими, техникаларни таъмирлаш ишлари бевосита ковжойнинг ўзида амалга оширилаётгани ишлаб чиқаришдаги тўхталишларни сезиларли даражада қисқартирди. Энергия ва кон ускуналарини таъмирлаш цехларида эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилгани эса импорт ўрнини босиш сиёсати самарадорлигини янада оширмоқда.
Рақамлаштириш ва технологик модернизация транспорт тизимида ҳам ўз ифодасини топган. Конвейер линияларининг босқичма-босқич кенгайтирилиши натижасида 2026 йил биринчи чорагида ташилган кон массаси ҳажми 8 миллион 14 минг кубометрни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 73 фоизга кўпдир. Янги ишга туширилган 4-конвейер линияси логистика самарадорлигини янада ошириб, транспорт харажатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Кончиликда ресурслардан оқилона фойдаланишнинг яна бир муҳим омили аниқ лаборатория таҳлилларидир. Шу мақсадда Гамма-активацион таҳлил марказий лабораторияси замонавий технологиялар билан жиҳозланиб, жаҳондаги энг йирик ва юқори самарали лабораториялардан бирига айланди. Бу эса маъдан таркибидаги олтин миқдорини юқори аниқликда баҳолаш ва ишлаб чиқариш жараёнларини илмий асосда режалаштириш имконини бермоқда.
Президентимиз томонидан 2030 йилга қадар қимматбаҳо металл қазиб олиш ҳажмини сезиларли ошириш вазифаси белгиланган. Ушбу стратегик мақсадларни амалга оширишда “Мурунтов” конида инновацион технологиялар, рақамли ечимлар ва рационализаторлик таклифларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2026 йил биринчи чорагида жорий этилган рационализаторлик таклифлари натижасида тахминан 550 миллиард сўм иқтисодий самарага эришилиши прогноз қилинмоқда. Бугун “Мурунтов” кони юқори технологиялар, инновацион муҳандислик ечимлари, рақамли бошқарув ва малакали кадрлар уйғунлигига асосланган замонавий саноат мажмуасига айланмоқда. Ишлаб чиқариш қувватларининг муттасил ошиб бориши, технологик жараёнларнинг такомиллашуви, маҳаллийлаштириш, энергия ва ресурс тежамкор ечимларнинг жорий этилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг амалий натижасини яққол тасдиқлайди.

Хуллас, “Мурунтов” конида амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан чекланиб қолмаяпти. Улар замонавий бошқарув, инновация, инсон капитали ва юқори самарадорликка таянган янги саноат маданиятини шакллантирмоқда. Бу эса “Мурунтов”ни нафақат Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик таянчи, балки жаҳон кончилик саноатида илғор тажриба ва юқори технологиялар марказларидан бири сифатида мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири