Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилмоқда

Айни қиш мавсумида аҳолининг энергия манбаларига бўлган эҳтиёжи ортади. Ўз навбатида эса турли авария ҳолатлари ҳам учраб туриши табиий. Тасодиф газ ҳолатларини бартараф этишда газ таъминоти бўлимларидаги авария бригадаларининг хизмати катта.

Улар барча туман ва шаҳар газ таъминоти бўлимларида ташкил этилган бўлиб, 24/7 режимида иш фаолиятини олиб боради. Жумладан, “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими авария бригадаси ҳам истеъмолчилар томонидан қилинган мурожаатларни ўз вақтида ижобий ҳал этиш мақсадида меҳнат қилмоқда.

Туманда истиқомат қилувчи аксарият аҳоли табиий газдан фойдаланади. Бугунги кунда табиий газ истеъмолчилари сони 30 мингдан ортиқни ташкил этади. Жорий йилнинг январь ойида истеъмолчилардан 104 рақамига жами 164 та қўнғироқ ва буюртмалар қабул қилинган. Газ сизиб чиқиш ҳолатлари тезкор бартараф этилган.

– Бир кунда ўттизга яқин қўнғироқларни қабул қилиб оламиз, – дейди “Карманатумангаз” газ таъминоти бўлими авария диспетчерлик хизмати диспетчери Бобомурод Мардонов. – Асосан, электрон газ ҳисоблаш ускунасидан газ сизиб чиқиш ҳолатлари, шу билан бирга ҳисоблагич блокка тушиб қолгани юзасидан қўнғироқлар бўлади. Ҳолат бўйича авария бригадаси чилангарига маълум қиламиз. Тезкорлик билан авария бригадаси ҳолат бўлган жойга бориб, ўрганиб, газ сизиб чиқиш муаммосини бартараф этади. Февраль ойининг шу кунига қадар жами 54 та буюртма қабул қилдик. Ҳар бир мурожаат бўйича авария бригадаларимиз ўзларига берилган топшириқни бажарди.

– Яқинда электрон газ ҳисоблаш ускунасидан газ сизиб чиқаётгани ҳақидаги ҳолат бўйича “104” рақамига қўнғироқ қилдим, – дейди Боғи Шамол маҳалласи, Зартепа кўчасида яшовчи фуқаро З.Темиров. – Мурожаатим қабул қилинганидан сўнг тез фурсатда газ идораси ходимлари келиб, ҳолатни бартараф этди.

– Мен эса хонадонимда газ босимининг пастлиги юзасидан мурожаат қилдим, – дейди Янги Ҳаёт маҳалласида яшовчи Д.Анорбоева. – Авария бригадаси зудлик билан келиб, электрон газ ҳисоблаш ускунаси фильтрини тозалаб берди. Натижада хонадонда газ босими меъёрга келди.

Хуллас, авария бригадалари кеча-кундуз халқ хизматида. Улар ўзларига топширилган вазифани астойдил бажариб келмоқда.

А. Бўриев, ЎзА