Мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қиш мавсумида совуқ ҳаво ҳарорати сабаб, табиий газга бўлган эҳтиёжнинг ортиши табиий. Жойларда газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмаслиги учун соҳа ходимлари фаолиятида янада катта масъулият талаб этилади. “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ходимлари ҳам бу жараёнда аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Таъкидлаш лозим, 2024 йил давомида корхона томонидан қатор тизимли ишлар олиб борилди. Вилоятдаги 50 га яқин ҳудудда реконструкция ишлари бажарилди. Табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолари мавжуд ҳудудларнинг газ таъминотини яхшилаш ҳамда мавсум давомида узлуксиз табиий газни етказиб бериш учун умумий ҳисобда 54 километрдан ортиқ газ қувури реконструкция қилинди. Кенг кўламли ислоҳотлар натижаси сабаб миллионлаб истеъмолчининг хонадонида газ таъминоти яхшиланишига эришилди. Қувонарлиси, таъминот билан боғлиқ турли йўқотишларнинг олдини олиш ҳамда бир маромда газни етказиб бериш учун 371 та газ маромлаш қурилмалари демонтаж қилиниб, 66 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилди.
[gallery-21125]
Бугунга қадар газ таъминоти филиали томонидан 2607 та мурожаат ўрганилди. Уларнинг 2005 таси ижобий жиҳатдан ҳал этилди. Қолганлари юзасидан эса тушунтиришлар берилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА