Мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда
Юртимизда инсон манфаатлари, инсон қадри олий қадрият ҳисобланади. Муаммо ва таклифларни ўрганиш, уларга ўз муддатида ечим топиш ҳам аҳоли манфаати учун хизмат қилади.
Ҳеч кимга сир эмас, бошқа йўналишларга қараганда, электр энергияси ва газ таъминоти тизимида мурожаатлар кўп.
Шунга кўра, аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш ва муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар, тумангаз газ таъминоти бўлимларида куз-қиш мавсумида 24 соатлик иш режимига ўтилди.
Қизилтепа туманида ҳам аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига табиий ва суюлтирилган газни узлуксиз ва бир меъёрда етказиб бериш, аҳоли ўртасида газ таъминоти тизимини яхшилашда мурожаатлар билан ишлаш, фуқаролардан келиб тушаётган аризаларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Назорат ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими томонидан ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, муддатидан кечиктирилмай ҳал этилиши таъминланиб келинмоқда.
– Жорий йилнинг шу кунига қадар турли йўналишлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали, бўлим бошлиғининг шахсий қабули орқали ва бўлим масъуллари томонидан ташкиллаштирилиб, маҳаллалар бўйича ўтказилган “Сайёр қабул” орқали тумангаз бўлимига 30 та мурожаат келиб тушган, – дейди “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти филиали назорат ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Қ.Шодиева. – Уларнинг 11 тасини газ таъминоти ва электрон газ ҳисоблаш ускунаси билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этса, 7 таси табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик билан боғлиқ. Шунингдек, 12 мурожаат суюлтирилган газ таъминотига оид. Асосан, шу ва бошқа масалалар юзасидан йўлланаётган мурожаатлар келиб тушган кунидан бошлаб қайси ҳудудга тегишли эканлигига қараб ўша маҳалладаги газ таъминоти бўлими ходими масъуллигида ўрганилиб, сўнгра фуқарога мурожаати юзасидан кўриб чиқилганлиги бўйича жавоб йўлланмоқда.
Бугунги кунга қадар 30 та мурожаатнинг барчаси ўрганилиб, 29 таси ижобий ҳал этилди, 1 та мурожаатчига эса мурожаати юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
– Кулолон маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда қатнашиб, газ баллонини алмаштириш юзасидан мурожаат қилгандим, – дейди Акмал Жумаев. – Мурожаатим масъуллар томонидан ўрганилиб, бир кунда ижобий ҳал этилди ва газ баллони алмаштириб берилди.
Албатта, фуқаролар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши инсон манфаатларига хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири