Мурожаатлар ижобий ҳал этилади
Хабар бериб бораётганимиздек, пойтахтимизнинг барча туманларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, секторлар – тумандаги прокуратура, адлия, ички ишлар бўлимлари ва ташкилотлари раҳбарлари, судлар раислари иштирокида оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтмоқда.
Учтепа туманида ташкил этилган ана шундай сайёр қабулдан қайтар эканман, Гулжаҳон (исм шарифини ва яшаш манзилини ошкор қилмаслигимни сўраган) опанинг мунгли нигоҳи кўз олдимдан, айтган сўзлари хаёлимдан кетмасди. Болалигиданоқ ҳаёт синовларига дучор бўлган, отасидан эрта айрилган бу юртдошимизни ҳаёт ҳамон синашда давом этаётгандек...
– Ўғлим иккаламиз ижара уйда турамиз, – дейди Гулжаҳон опа. – Ўғлим яқинда коллежни тамомлаб, савдо марказларидан бирига ишга кирди. Ундан олдин ул-бул ишларни қилиб юрарди. Бир миллион тўрт юз минг ойлик олади. Ҳар ой бир миллион икки юзини ижарага тўлаймиз.

Ўзим икки йилдан бери гепатитнинг оғир тури билан оғриб, ётиб қолдим. Узлуксиз дори-дармон ичиб юришим, тез-тез тиббий кўрикдан ўтиб туришим керак. Соғлиғим кўтармагани учун икки йилдирки, ишлай олмайман. Ўғлимнинг топгани эса ижарадан ортмайди. Шунинг учун туманимиз раҳбарларидан уй олишда бошланғич тўловни тўлаб бериши ва дори-дармон олишимга ёрдам кўрсатишни илтимос қилиб келдим.
Мурожаатчини туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Рустам Аширматов қабул қилди ва ваколати доирасида амалий ёрдам кўрсатишини айтиб, у билан алоқага чиқиш учун маълумотларини ёзиб олди. Ана шу озгина эътиборданда кўнгли кўтарилган мурожаатчи такрор-такрор миннатдорлик билдирарди.
– Шу йилнинг ўзида уй-жой ва соғлиғим юзасидан учинчи бор мурожаат қилишим: “Партал”га ва ҳокимиятга. Олдинги сафар ҳокимиятга борганимда ҳеч бир маълумотларимни ёзиб олишмаган эди-да, – дейди мурожаатчи.

– Бу сафар мурожаатим ижобий ҳал этиладиганга ўхшайди. Қаранг, телефон рақамларимни ёзиб олишди-ку!
Беихтиёр, суҳбатдошимнинг оёқ кийимига кўзим тушди: ҳозирги об-ҳавога умуман номутаносиб ён томони йиртиқ оқ красофка! Қарашимдан ҳижолат бўлган Гулжаҳон опа бир оёғини иккинчисининг ортига яширганнамо бўлиб, “озгина сув ўтибдия”, деб ортга тисарилди, кўзига ёш келди...
Суҳбатимизни шу ерда тўхтатиш кераклигини тушундим ва томоғимга нимадир тиқилди-ю, “энди уйингизга борақолинг”, дея олдим, холос.

Мутасаддиларнинг айтишича, энг кўп мурожаатлар коммунал тўловлардан қарздорлик, кўп қаватли уйлардаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан боғлиқ масалаларда бўлди. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти жойида бартараф этилиб, тегишли соҳа вакилларига бириктирилди. Қолган мурожаатлар ҳам тегишлилигича ўрганилиб, тез кунларда ҳал этилади.
“Абдуллаев Фарҳод Равшанович – Учтепа тумани ҳокими”, дея ёзув жойланган стол атрофига бориб, “Ваколатингиз доирасида ҳал этилмайдиган мурожаат бўлдими”, деган саволимга, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Азизбек Хўжановдан “йўқ, ҳозирча унақа мурожатга дуч келмадик”, деган жавобни олдим. Зал мурожаатчилар билан гавжум бу пайтда (соат 12:10)да ҳоким сайёр қабулдан кетиб бўлган эди.
Аслида мурожаатни ким тинглаши, қай тарзда тинглаши, аҳамиятсиз. Аҳамиятлиси, оддий халқнинг мушкули осонлашса, оғири енгил бўлса, дардига дармон топилса бўлгани. Ахир, аҳоли минг илинжда совуқ кунда бири ёш боласи билан, бири ҳассага суянган ҳолда, яна бири ертиқ оёқ кийимда қабулга келди. Биз уларнинг мурожаатлари ижобий ечим топади,деб ўйлаймиз.
Моҳигул Қосимова, ЎзА